ИСЛОҲОТЛАР ТУФАЙЛИ ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН
Жорий йилда халқимиз неча юз йиллик тарихи давомида орзу қилиб, интилиб яшаган ва мамлакатимиз ҳаёти, тақдирида туб бурилиш ясаган, оламшумул воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз йил тўлади.
Айтиш керакки, мустақиллик йилларида Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида юртимиз бугун барча соҳаларда жадал ривожланиб, аҳолининг турмуш даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онг-у тафаккури тобора юксалаётган, жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос ўринга эга бўлган, узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.
Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг туб замирида инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси устуворлиги мужассам. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил қилинди ҳамда уларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилиб, муаммоларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топмоқда. «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммолари ҳал этилмоқда.
Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, халқ билан мулоқот тизими яратилиб, инсонларни қийнаётган муаммолар билан ишлаш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш давлат ҳокимияти органларининг халқ билан очиқ мулоқотини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар тизими жорий қилиниб, маҳаллаларда мутасаддилар уйма-уй юриш орқали инсонларни қийнаётган муаммоларни ўрганишмоқда ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммоли масалалар ҳал этилмоқда.
Таъкидлаш керакки, аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати “Темир дафтар”, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар рўйхати “Аёллар дафтари”, ишсиз ёшларга амалий ёрдам бериш, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Ёшлар дафтари” шакллантирилди.
Рўйхатлар асосида ёрдамга муҳтож инсонларга ҳар томонлама, моддий, маънавий кўмак берилиб келинмоқда. Банд бўлмаган хотин-қизлар ва ёшлар турли соҳалар бўйича касб-ҳунарга ўқитилиб уларнинг малакасини ошириш орқали банд қилиш, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам бериш, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга ер бериш каби самарали ишлар натижасида ишсиз аёллар ва ёшлар сони, қолаверса, мамлакатимиз аҳолисининг ишсизлик даражаси камайтирилмоқда.
Мухтасар айтганда, кейинги йилларда юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврига қадам қўйганининг ҳаётий мисолидир.
Чарос Арслонова,
туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶