Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашевнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа ходимларига табриги
Азиз устозлар, қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана — 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчи ва мураббийлар ҳақиқий маънода ҳаётимиз чароғбонларидир. Биз ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сиз азизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак, шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", – деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Бугун Сиз азизларнинг касб байрамингизни кенг нишонлар эканмиз, фурсатдан фойдаланиб, ёш авлодга билим, таълим ва тарбия беришдек машаққатли, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг инсоний бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Юртимизда мустақиллик йилларида барча соҳалар қатори таълим соҳасида ҳам мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда барча ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Шуларни инобатга олган ҳолда муҳтарам Президентимиз ўз лавозимига киришган илк кунларданоқ таълим соҳасига катта эътибор қаратди. Мактабгача таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, соҳада давлат-хусусий шерикчилик тизими йўлга қўйилди, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўла қўйилди. Натижада ўтган 5 йил ичида болажонларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи бир неча баробар ошди.
Мактаб таълими ҳам ислоҳ қилиниб, 11 йиллик таълим тизими билан биргаликда Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил қилинди. Педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг такомиллаштирилишини, узоқни кўзлаб татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар албатта ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимнинг сиртқи ва кечки таълим турлари йўлга қўйилгани, мавжуд олий таълим муассасаларининг қамрови оширилиб, юртимизда кўплаб хорижий таълим доргоҳларининг филиаллари иш бошлагани натижасида олий таълимга қамров кўрсаткичлари ҳам бир неча баробар ошди.
Энг муҳими, ўқитувчилик касбининг жамиятимизда нуфузи юксалди. Устоз ва мураббийларнинг ойлик иш ҳақлари ошириб, уларни ўз ваколат доирасига кирмайдиган бошқа ишларга жалб қилишга чек қўйилди.
Давлатимиз ва ҳукуматимизнинг, жамиятимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга бўлган ҳурмат ва эътиборини бугун туманимизда фаолият юритаётган 85 та умумтаълим мактаблари, 117 та мактабгача таълим муассасалари, 2 та касб-ҳунар мактаблари, муҳандистлик техникуми, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” болалар мактаби, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби каби доргоҳларда фаолият юритаётган ўқитувчи ва мураббийлар ҳам яққол ҳис қилмоқдалар, десак айни ҳақиқат бўлади.
Ҳурматли устозлар!
Қайси жамият ўқитувчини, устоз ва мураббийни ҳурмат қилса, ўша жамиятнинг келажаги албатта порлоқ бўлади. Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасидаги барча саъй-ҳаракатларнинг асосида “Ўзбекистонда энг обрўли инсон – муаллим бўлиши керак” деган ғоя ётади.
Муҳтарам Президентимизнинг “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз” деган гаплари Сиз азизларнинг меҳнатларингизга берилган юксак баҳо ва зиммангизга юклатилган буюк вазифадир.
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз бўлмиш фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Фурсатдан фойдаланиб яна бир бора Сиз азизларни, сизлар орқали барча ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамингиз билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶