“Қўша қариш саодати” дастури доирасида тадбир ўтказилди
Жорий йил октябрь ойининг биринчи ҳафтасида бутун мамалакатимиз бўйлаб “Кексалар ҳафталиги” доирасида нуроний отахон ва онахонларни жалб этган ҳолда турли дастур ва лойиҳалар асосида бир-биридан ажойиб тадбирлар ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида Амударё тумани Жумур овул маҳалласида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Жумур овул маҳалласида яшовчи Искандаровлар хонадонида Файзулла ота ва турмуш ўртоғи Тожиҳол момо Искандароваларнинг турмуш қурганликларига 70 йил тўлиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Отахон ва онахон 70 йил бирга яшаб, қўша қариш бахтига эришган намунали оила соҳиб ва соҳибаларидир. Тадбирда уларнинг барча яқинлари, фарзандлари, невара, эваралари, қариндош-уруғлари, дўст-биродарлари, маҳалладошлари иштирок этдилар.
Файзулла ота Искандаров 1929 йилда туғилган бўлиб, уруш йилларида Ватан олдида фарзандлик бурчини адо этиб, ўзгаларга ўрнак бўлган фронт орти меҳнат фахрийси ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Тожиҳол момо 1930 йилда туғилган, уруш йилллари ҳаёт қийинчиликларини отахон билан биргаликда бошдан кечириб келган ҳамда турмушнинг паст-у баландликларини бирга енгиб ўтган. Улар беш нафар фарзандни дунёга келтириб, жамиятда ўз ўрни ва мавқейига эга комил инсонлар сифатида вояга етказишган. Айни пайтда улар фарзандлар, неваралар, эваралар бахт-у камолини кўриб, уларнинг қувончларига шерик бўлиб, биргаликда кексалик гаштини сурмоқдалар.
Кичик фарзанди Турдибой ака Искандаров ҳамда келини Гулбаҳор опа Матмуратовалар отахон ва онахон билан биргаликда истиқомат қилишмоқда ҳамда уларга ғамхўрлик қилишмоқда. Файзулла ота ва Тожиҳол момо 18 нафар невара, 13 нафар эваралар тарбиясида фарзадларига кўмакдош, маслаҳатдош бўлиб, ўзларининг ҳаётий таржибаларини бўлишмоқдалар.
Ушбу табаррук оила аҳил ва иноқлиги, бир-бирларига яхши-ёмон кунларда елкадош ва тиргак бўла олганликлари, ҳамиша бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келишлари билан жамиятда, маҳалладошлари орасида ўз ўрни, обрўси ҳамда ҳурмат-эътоборига эга.
Отахон ва онахонни қутлаш мақсадида тадбирга ташриф буюрган туман “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Бекмон Аллаберганов ҳамда кенгаш аъзоси, “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Хонимжон Ражабовалар сўзга чиқиб, Файзулла ота ҳамда Тожиҳол момоларни самимий муборакбод этдилар ҳамда уларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик тиладилар. Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу оиланининг яшаш тарзи, ҳаётий тажрибалари билан ҳозирги ёш оилаларга муносиб ўрнак бўлишини алоҳида таъкидладилар.
Тантанали тадбирга йиғилган меҳмонлар ҳам байрам сабабчиларининг хурсандчиликларига шерик бўлиб, уларни муборакбод этдилар ҳамда энг эзгу тилакларни билдирдилар.
Элимиздаги ёши улуғлар янги оила қураётган ёшларга “қўша қариш бахти насиб қилсин” дея дуо қилишади. Нуроний отахон ва онахонимиздан ана шундай дуоларни олиш, улардан ўрнак олиш мақсадида тадбирда меҳмон бўлаётган ҳудуддаги ёш оилалардан Юсуповлар, Камоловлар, Ибодуллаевлар оилаларида Файзулла ота ва Тожиҳол момонинг қўша қариш саодатига етишганликлари катта ҳавас уйғотди. Ёш оилалар Искандаровлар оиласининг мустаҳкамлиги, уларнинг узоқ умр ва тўкин ҳаёт кечиришларини тиладилар ҳамда отахон ва онахондан дуо олдилар.
Тадбир мобайнида туманимиз фаоллари ҳудудда истиқомат қилувчи, ҳозирда 95 ёшни қаршилаётган отахон Бекчон бобо Эшчанов хонадонида ҳамда 93 ёшли нуроний онахон Бика момо Раҳимовалар хонадонида меҳмон бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Ёши улуғларни ҳафталик байрами муносабати билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар.
Мамалактимизда азалдан ёши улуғ ҳамюртларимизга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, саломатлиги ҳақида қайғуришга оид эзгу ишларга катта эътибор қаратиб келинган. "Кексалар ҳафталиги" маърифий-ижтимоий ҳафталиги доирасида бу борадаги амалий ишлар янада кенгайди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Чарос Арслонова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶