ОЧИҚ САЙЁР СУДДА 7 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН ОЛДИН ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
Юртимизда жиноят содир этган шахсларга содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилигини тушуниб етишига, тузалиш йўлига ўтиб, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб қайтишига кўмаклашилмоқда. Айнан шу мақсадда ташкил этилган Пробация хизматлари фаолияти бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Пробация хизмати томонидан шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назорат ўрнатилиши натижасида айрим жиноят турлари камайишига эришилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан туман Ички ишлар бўлимининг маъмурий биносида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Сайёр судда Пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган назорат остидаги 7 нафар маҳкумга нисбатан қўлланилган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга доир иш кўриб чиқилди.
Шу йил 20 октябрь куни бўлиб ўтган ушбу суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича туман суди масъуллари, туман прокурори ёрдамчиси Аббоз Ниязимбетов, туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи катта инспектори Руслан Искандаровлар иштирок этишди.
Пробация гуруҳининг тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси тартибида кўриб чиқилган суд иши давомида уларнинг ҳозирда тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги эътиборга олинди. Назорат давомида маҳкумларнинг судлар томонидан ўрнатилган таъқиқ ва чекловларга тўлиқ риоя этгани, хулқ-атвори яхши томонга ўзгаргани алоҳида айтиб ўтилди.
Суд иши давомида маҳкумларнинг белгиланган жазодан тўғри хулоса чиқаргани инобатга олиниб, туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳи тақдимномаси қаноатлантирилди. Маҳкумлар ўталмаган жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Жазо муддатидан олдин озод этилган маҳкумлар билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганидан пушаймон экани ва содир этган жиноятининг оқибатларини тўлиқ англаб етганини алоҳида эътироф этдилар.
Суд давомида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда Жиноят Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлаши маълум қилинди.
Шу куни жазодан озод қилинган маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш тартиби ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Сайлов куни 18 ёшга тўлган, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги, ўзлари рўйхатга киритилган сайлов участкаларида белгиланган тартибда овоз беришлари мумкинлиги батафсил тушунтирилди.
Сайёр суд мажлисида жиноятининг оқибатларини тўла англаб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ва жазодан муддатидан илгари шартли озод этилган маҳкумлар қилмишлари кечирилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирдилар. Жамиятда ўз ўрнини топиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ва юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга қатьий сўз бердилар.
Ж.Уразбоев, Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶