МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДА АЁЛЛАРГА БЕРИЛГАН ИМТИЁЗ ВА ҲУҚУҚ
Демократик жамият тараққиёти даражасини белгилаш асоси сифатида, шу жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга асосланган қонун, яъни Конституцияси бўлиши лозим. Ушбу Конституция, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан бир қаторда, мазкур давлатда иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар ҳам ҳимояланиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоялашга қаратилган IХ боби муҳим аҳамият касб этади. Aйниқса, Конституциянинг 37-моддасида, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, оқилона меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган бўлиб, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллар, масалан, ҳарбий хизмат чоғида, фавқулодда ҳолат шароитида ва бошқалардан ташқари мажбурий меҳнат таъқиқланиши мустаҳкамланган.
Юртимизда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланган бўлиб, айнан бу ҳуқуқ меҳнат қилиш соҳасида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, меҳнат қилиш жараёнида эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги, аёлларнинг еркаклар каби оғир ва зарарли ишларда ҳам ишлашлари мумкинлигини англатмайди. Aёлларнинг оиладаги мавқеини ҳамда бошқа томонларни ҳисобга олиб, қонунда улар учун махсус қоидалар ва маълум енгилликлар белгиланган.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳоли бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.
Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади. Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи, ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
А.Тожибоев, туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶