“ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ТУФАЙЛИ ЯШИЛ МАЙДОНЛАР КЕНГАЯДИ
Президентимиз томонидан республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда яшил майдонларни кўпайтириш долзарб вазифа қилиб белгилаб берилди. Лойиҳа асосида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Амударё туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дастлабки лавҳамиз шу хусусида.
Дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, кислородга айлантиради ва ҳаво мусаффолигини сақлаб туради. Яшил дарахтлар баҳор, ёз, куз фаслларида чор-атрофга файз бағишлаб, офтоб тиғидан, чанг тўғонлардан асрайди. Бироқ, дарахтларни экиб кўпайтиришга, борини парваришлаб, авайлашга доимо ҳам эътибор беравермаймиз. Аксинча, ўз нафсини ўйлаган баъзилар эҳтиёж учун дарахтларни кесишдан ҳам, ўрмонларга зарар етказишдан ҳам тойишмаяпти. Бу ҳол фақат бизнинг юртимизга хос эмас. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн. атрофида дарахт мавжуд, бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 24 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда.
Агар аҳвол шу зайлда давом этса, ёзда иссиқдан, қишда совуқдан пана қиладиган, чор-атрофимиздаги шовқин-сурондан ҳимоя қиладиган, ризқимиз етиладиган мевали дарахтларга, атрофга файз бериб турган манзарали дарахтларга қирон келтираверсак, охири нима бўлади?
Бунингдек аянчли оқибатнинг олдини олиш юзасидан барча мамлакатларда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам кўпгина амалий ишлар қилинаяпти.
Президентимиз ташаббуси эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам бу борадаги эзгу қадамлардан биридир. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Натижада яшил маконлар кенгаяди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг табиатига мос, одамларда аллергиялар келтириб чиқармайдиган манзарали, мевали дарахтлар ва буталарни экиш кўзда тутилганлиги айниқса аҳамиятлидир.
Туманимизда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Корхона, ташкилотлар, ўқув муассасалари, ходимлари, овул ва маҳаллалар аҳолиси бу ҳаракатда фаол иштирок этмоқдалар. Шунингдек, туман Ободонлаштириш бошқармаси, фермер хўжаликлар ишчилари ҳам жалб этилган.
2021 йил куз, 2022 йил баҳор мавсумида туманимиз овул ва маҳаллалари ҳудудларига 271 минг 500 туп манзарали, мевали дарахтлар, буталар экилиши режалаштирилган. Шу кунгача эса 47 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўтқазилди.
Туманимиздаги фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига, ариқлар бўйларига 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 43 миллион 618 минг туп вирген арчаси, жийда, тут, терак, ёнғоқ, узум каби мевали ва манзарали дарахтлар, буталар экилиши режалаштирилган эди.
Айни кунларда бу борада қизғин ишлар олиб борилаяпти. Туман миқёсида корхона, ташкилотлар, давлат идоралари ходимлари, умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари ўз ҳудудларини яшил майдонга айлантириш мақсадида кўчат экиш ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқдалар.
“Яшил макон” – бу шунчаки лойиҳа эмас. Яқин йиллар ичида экологик муаммолар тобора авж олаётган юртимиз яшил қиёфа касб этади, осмонимиз мусаффо, чор-атроф янада файзли бўлади.
Бунинг учун эса ҳар бир юртдошимизни лойиҳа доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини эккан ҳолда хайрли ишга ҳисса қўшишга чақириб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶