ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ
Шу йилнинг 19 ноябрида Манғит шаҳридаги 82-сонли мактаб фаоллар залида туман Халқ таълими бўлими ходимларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга бўлим масъул ходимлари, тизимдаги барча мактабларнинг директорлари, ЗООМ дастури бўйича барча мактаблар директорларининг ўқув ишлари бўйича, маънавий-маърифий ишлар бўйича, хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари, психологлар ва ёшлар етакчилари, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман прокуратураси ходимлари иштирок этдилар.
Иштирокчилар дастлаб туман прокуратурасининг 2021 йил 31 октябрь кунги “Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида”ги тақдимномасини кўриб чиқиш ва ижросини таъминлаш тўғрисида”ги масала юзасидан туман Халқ таълими бўлими мудири Акмал Исмоиловнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.
Кун тартибидаги иккинчи масала - Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида туман прокурори катта ёрдамчиси А.Бекберганов маъруза қилди ва коррупциянинг, қонунга хилоф равишда ҳаракатлар қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берди.
Шунингдек, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими капитани Бегзод Тожибоев, катта лейтенант Бегзод Олломбергановлар куз-қиш мавсумида умумий ўрта таълим муассасаларидан иситиш тизимидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, ис газидан заҳарланишдан сақланиш, ёнғин хавфсизлигининг асосий қоидалари ҳақида маърузалар қилдилар. Тумандаги мавжуд умумий ўрта таълим мактабларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб этиш мақсадида амалий ўқув машғулотларини ўтказиш лозимлигини таъкидладилар ва халқ таълими тизимида фаолият юритаётган барча ходимларни “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни ушқоқлик билан ўтказишда фаол қатнашишга чақирдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифати назорати давлат инспекцияси томонидан 2021 йил 3 ноябрь кунги тақдим этилган умумий ўрта таълим мактаблари пейтингида аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимотдан сўнг, туман Халқ таълими бўлими тизимидаги мактабларда ўтган ўқув йили давомида йўл қўйилган камчиликлар, уларни бартараф этиш йўл-йўриқлари хусусида бўлим мудири Акмал Исмоиловнинг тавсиялари тингланди.
Шунингдек, ҳар бир мактаб раҳбарлари кўрсатиб ўтилган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб олишлари ва бартараф этишлари лозимлиги уқтирилди.
Айтиш жоизки, келгусида Миллий Рейтинг кўрсаткичларини ошириш борасида таълим муассасалари раҳбарлари, фан ўқитувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари биргаликда ҳаракат қилинса, албатта ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Равшан Холмуродов, туман Халқ таълими бўлими таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектор-методисти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶