“ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА КЎЧАТ ЭКИШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Президентимиз томонидан республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда яшил майдонларни кўпайтириш долзарб вазифа қилиб белгилаб берилди. Лойиҳа асосида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Амударё туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Дарахтлар ҳаво мусаффолигини сақлаб чор –атрофга файз бериб туради, эмин-эркин нафас олишимиз учун зарур кислород ишлаб чиқаради.Шунингдек, офтоб тиғидан, чанг тўзонлардан асрайди. Бироқ, дарахтларни экиб кўпайтиришга, борини парваришлаб, авайлашга доимо ҳам эътибор беравермаймиз.
Агар аҳвол шу зайлда давом этса, ёзда иссиқдан, қишда совуқдан пана қиладиган, чор-атрофимиздаги шовқин-сурондан ҳимоя қиладиган, ризқимиз етиладиган мевали дарахтларга, атрофга файз бериб турган манзарали дарахтларга қирон келтираверсак, охири нима бўлади?
Бунингдек аянчли оқибатнинг олдини олиш юзасидан барча мамлакатларда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам кўпгина амалий ишлар қилинаяпти.
Президентимиз ташаббуси эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам бу борадаги эзгу қадамлардан биридир. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Натижада яшил маконлар кенгаяди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг табиатига мос, одамларда аллергиялар келтириб чиқармайдиган манзарали, мевали дарахтлар ва буталарни экиш кўзда тутилганлиги айниқса аҳамиятлидир.
Туманимизда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларини амалга оширишга бағишланган долзарб 40 кунлик доирасидаги ҳаракатлар қизғин давом этмоқда. Корхона, ташкилотлар, ўқув муассасалари ходимлари ўз ҳудудларини яшил майдонга айлантириш ташаббуси билан кўчат ва буталар экишмоқда. Шунингдек, овул ва маҳаллалар аҳолиси бу ҳаракатда фаол иштирок этмоқда, туман Ободонлаштириш бошқармаси, фермер хўжаликлар ишчилари ҳам жалб этилган.
Шу йилнинг 25 ноябрида туманимизга ташриф буюрган Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Соғиндиқ Турманов, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошевлар Манғит шаҳрининг Олмазор маҳалласи Баркамол авлод кўчасидаги яшил ҳудуд учун мўлжалланган майдонга мевали ва манзарарли дарахтлар кўчатларини ўтқаздилар. Она замин бағрига экилган кўчатларнинг униб чиқиб, шаҳар файзига файз қўшишини тиладилар.
Шуниси эътиборлики, кўчат экиш ишлари кун сайин умум ҳаракатига айланиб бораётгани кишини қувонтиради. Албатта, вақтлар ўтиб , бу ҳаракатлар самарасида бунёдга келган яшил маконлар тобора экологик муаммолар кўпаяётган ҳудудимизда мувозанат барқарор бўлишига замин яратади.
Ойгул Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶