ЯНГИОБОД ВА БОЙОВУЛ МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ УЧУН ЯНГИ МАЪМУРИЙ БИНОЛАР ҚУРИЛИБ, ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февраль кунги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва ҳамда 2020 йил 18 февралдаги “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан фуқаролар йиғинлари олдида турган асосий вазифалар ва уларнинг фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Мазкур фармон ва қарорлар фуқаролар йиғинлари фаолиятини янги босқичга кўтаришда, фуқаролар йиғинлари ходимлари учун муносиб шароитлар яратишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Амударё туманидаги Янгиобод ва Бойовул маҳалла фуқаролар йиғинлари шу кунгача ўз маъмурий биноси йўқлиги сабабли бошқа ташкилот биноларида ижара асосида фаолият юритиб келаётган эди.
Йиғин маъмурияти, қолаверса, маҳалла аҳли учун қулайлик яратиш мақсадида мазкур маҳалла фуқаролар йиғинларига давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида янгидан бино қуриб берилди.
4 декабрь куни Янгиобод ва Бойовул маҳалла фуқаролар йиғинлари учун бунёд этилган янги биноларнинг очилиш маросими ўтказилди. Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев, бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова, нуронийлар масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Болтабоев, фуқаролар йиғини ходимлари ва маҳалла фаоллари ҳамда бир гуруҳ нуронийлар иштирок этишди.
Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси “Viktoriya xolding”, масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий лойиҳалар асосида қуриб битказилди. Лойиҳа қиймати 260 млн сўм бўлган мазкур бино қисқа фурсат ичида, сифатли тарзда бунёд этилди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар йиғилганларни ва маҳалла аҳлини янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан қутладилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинига компьютер совға қилинди.
Бинода фуқаролар йиғини раиси ва ўринбосарлари, котиби ва бошқа аъзолари, йиғин ҳузуридаги комиссиялар учун махсус хоналар мавжуд бўлиб, бинонинг маҳалла ҳудудида, аҳолига яқин жойлашгани барча учун бирдек қулайлик яратади.
Бойовул маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси “Норбой Мебель” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилди. Қурилиш ишларига 260 млн сўм маблағ сарфланди.
Бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда фуқаролар йиғинларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳалланинг жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир давомида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ҳар иккала, яъни Янгиобод ва Бойовул маҳалла фуқаролар йиғинларига жами 14 млн 480 минг сўмлик, ҳар бир маҳаллага 3 та жамланмадан иборат мебель тўпламлари топширилди.
Ҳар иккала маҳаллада бўлиб ўтган янги маъмурий биноларининг очилиш маросимида қатнашган фуқаролар йиғини ходимлари ва маҳалла фаоллари замонавий услубда қурилган бинода ишлаш учун барча шароитлар яратилганлигини, бу ерда фақат сидқидилдан ишлаш кераклигини айтиб ўтишди ва бундай шароит яратиб берган Президентимизга, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига, туман ҳокимига ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига, қурувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶