Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича иш ҳужжатларини юритишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раёсатининг 2021 йил 9 ноябрдаги “Судлар томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида енгил тан жароҳат етказиш ва майда безорилик билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги 59-21-сонли Қарорида ҳам фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, шунингдек давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслиги, бу борада судларнинг одил ва шаффоф иш юритишларига эътибор қаратилган.
Жорий йилнинг 12 январь санасида Амударё тумани Маданият маркази биносида Амударё туман Ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари малакасини ошириш мақсадида бўлиб ўтган ўқув-семинар машғулотида ҳам айнан ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-семинар ишида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Жасур Ўрозбоев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари Мухтор Раҳматуллаев, туман Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғининг ўринбосари Орифжон Қосимовлар Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Раёсатининг “Судлар томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида енгил тан жароҳат етказиш ва майда безорилик билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Қарорида кўрсатилган топшириқ бўйича белгиланган вазифалар юзасидан машғулотлар олиб боришди.
Ўқув-семинар машғулотида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52- ва 183-моддалари билан боғлиқ иш бўйича материалларни тўплашда амалиётда юзага келаётган муаммолар, иш ҳужжатларига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар хусусида зарур тушунтиришлар берилди. Хусусан, ҳуқуқбузар қаршисига тўпланадиган ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш, ҳуқуқбузар шахснинг фуқаролар, шунингдек, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатларига эътибор қаратган ҳолда материалларни жилдга киритиш, ҳар қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш материалларини тўплашда юзага келадиган муаммолар, иш ҳужжатларига илова қилиниши лозим бўлган бошқа қўшимча ҳужжатлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўқув-семинар машғулотлари якунида ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва барча саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Бўлиб ўтган ўқув-семинар машғулотлари профилактика инспекторлари учун фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда нималарга эътибор беришлари зарурлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52- ва 183-моддалари билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш ҳақида ўз билимларини мустаҳкамладилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶