ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июль санасида имзолаган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузулмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш, давлат хизматлари сифатли кўрсатилишини таъминлаш, турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш каби мақсадларга йўналтирилган.
Мазкур ҳужжат билан 2021 йил 1 ноябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилиши белгиланган.
Шу билан бирга давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга бир иш кунида қайтарилиши кўрсатилган.
Бунда ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилиши ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан сўзсиз тартибда ундириб олиниши белгиланган.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан қатор давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдорлари камайтирилиши кўрсатилган.
Мансур Садиков, Амударё тумани Давлат хизматлари маркази директори

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶