ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ТАМОЙИЛ – ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШДАГИ МУҲИМ ҚУЛАЙЛИКДИР
Экстерриториал тамойил фуқаролар, айниқса, тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик ҳисобланади. Ушбу тамойилга ўтиш жараёнлари 2019 йилда бошланган бўлиб, шу йилнинг ўзидаёқ ушбу тамойил асосида давлат хизматларини кўрсатиш бошланди.
Экстерриториал тамойили – бу фуқаролар доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан, яъни жойлашган еридан қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имконияти ҳисобланади.
Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда яна қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши келгусида фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишни сифат жиҳатдан яхшилашга ва осонлаштиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, ундан кўзланган асосий мақсад давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик тартиботлар ортиқча қоғозбозлик, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш, оворагарчилик ва сансалорликларга чек қўйиш бўлди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июнидан эътиборан фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.
Нотариал хизматларни амалга ошириш жараёнида ҳам фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралари томонидан давлат хизматлари агентлиги ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига мурожаат қилмасдан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб этмасдан, махсус электрон ахборот тизими орқали олинади.
Фармоннинг 9-бандида 2021 йил 1 июнидан эътиборан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинди. Бунда давлат статистика органлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилган ҳолда ушбу маълумотларни реал вақт режимида олади ва статистик маълумотларни шакллантиради.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятининг янги ташкилий-ҳуқуқий таомиллари фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг электрон хизматлардан самарали фойдаланишларини рағбатлантириш имконини бермоқда. Шу билан бирга идоралараро интеграцияни кучайтиришда муҳим рол ўйнамоқда.
Амударё туманида ҳам юқоридаги каби ҳужжатларни экстерриториал тамойил асосида ва қайд қилдириш хизматлари кўрсатилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий қилиниши аҳоли манфаатларига хизмат қилмоқда.
Умида АШИРБОЕВА, Амударё тумани ФҲДЁ бўлими инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶