ҲУДУДЛАРДА ЖИНОЯТЧИЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА
Маҳалла – осуда хонадоним, олтин остонам, деб бежиз айтишмаган. Чунки маҳалла ҳудудидаги барқарор турмуш тарзи, оилаларнинг мустаҳкамлиги, маҳалла аҳлининг ўзаро меҳр-оқибати, интизоми нафақат кўнгилларга, балки ҳар бир хонадонга файз-тароват, осудалик бағишлайди. Шу боис, мамлакатимизда ҳар битта хонадоннинг, ҳар бир фуқаронинг тинчлигини, маҳаллалар осойишталигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Деярли ҳар бир овул ва маҳаллада фаолият олиб борувчи профилактика инспекторлари халқ осойишталигини сақлаш борасида кеча-ю кундуз аниқ ва пухта режа асосида иш юритадилар.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 30 март санасидаги фармойиши ҳам овул ва маҳаллаларда, жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Амударё тумани ҳудудида, яъни жамоат жойларида, серқатнов кўчалар ҳамда таълим-тарбия муассасалари жойлашган ҳудудларда майда безорилик, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган назорат тадбири ўтказилди.
Назорат тадбири Амударё туман прокурори Азиз Рўзметов ҳамда Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойбергановлар раҳбарлигида ташкил этилиб, тадбирга туман Ички ишлар бўлими ходимлари, қўриқлаш бўлими ҳамда овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб борувчи ёшлар етакчилари жалб этилди.
Аввало, тадбир иштирокчилари Амударё туман прокурори ва Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамкорлигида ишлаб чиқилган назорат тадбирини ўтказиш бўйича йўриқнома билан таништирилиб, уларга зарур тушунча ва тавсиялар берилди. Шундан сўнг, назорат тадбири иштирокчилари Амударё туманининг тўртта ҳудуди бўйлаб, ўзларига биркитилган йўналишлар бўйича жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кузатув-назорат ишларини бошлаб юбордилар.
Олиб борилган кузатув-назорат тадбирлари жараёнида кўчаларда бемақсад, спиртли ичимлик ичиб, ўзига ва атрофидагиларга ноқулайлик туғдириб юрган 4 нафар фуқаролар қонуний тартибда Ички ишлар бўлимига олиб келиниб, улар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилди. Бемаҳалда, спиртли ичимлик ичиб юриш ўзлари ва оила аъзолари учун, ҳатто бегоналар учун ҳам жиддий муаммолар келтириш, хусусида тушунчалар берилди.
Шунингдек, кузатув-назорат тадбирлари жараёнида спиртли ичимлик таъсирида маст бўлиб, автотранспорт воситасини бошқариб бораётган яна бир фуқаро тўхтатилиб, содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган йўл автотранспорт ҳодисасининг олди олинди ва маст ҳолатда машина бошқарган шахс тиббий кўрикдан ўтказилиб, унинг тасарруфидаги автомашина вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Амударё туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда тегишли давлат органлари ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар бир овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий равишда профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, мазкур тадбирларда ўқувчи-ёшлар, кекса ёшдаги отахон ва онахонлар, ёш ота-оналарнинг фаол иштироки таъминланмоқда. Чунки жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни муҳокама этишдан кўра, бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-тарбиявий шаклдаги тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶