ЧОЙКЎЛ ОВУЛИДА “БЕШ ТАШАББУС ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ” МАВЗУСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
15 апрель куни фуқаролар йиғини биносида Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чойкўл овулида ҳам “Беш ташаббус оиладан бошланади” мавзусида катта тадбир ўтказилди.
Тадбирда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими етакчи мутахассиси Гулфия Еримметова ва маҳалладаги фаол аёллар қатнашдилар.
Кўргазмали семинар тарзида ўтказилган ушбу тадбирда овул аёл-қизлари ва истеъдодли ёшларнинг тикувчилик, ҳунармандчилик, рассомчилик, кулолчилик ва бошқа йўналишлардаги қўл меҳнати намуналаридан кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада маҳалланинг қўли гул чевар аёл-қизлар томонидан тайёрланган турли дизайндаги либослар, уста ҳунармандлар томонидан ясалган уй-рўзғор буюмлари, кулолчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Ушбу қўл меҳнати билан яралган маҳсулотлар ташриф буюрган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” ғоясида эзгу мақсадлар мужассамлиги ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Беш ташаббусга кўра ёшларни муносиб равишда камолга етказиш учун уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишларига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларни турли ҳунарлар ва бошқа хайрли ишлар билан банд этиш зарур. Оила тарбиясининг мантиқий давоми ҳисобланган ана шу беш ташаббусни тўлақонли амалга ошириш мақсадида бугун барча ҳудудларда турли тадбирлар ўтказилиб, ёшларни қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амударё туманида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган.
Тадбир давомида ёшларнинг маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича “Бешта муҳим ташаббус”нинг аҳамияти, оилада ота-оналар фарзандларини ёшлигидан спортга, касб-ҳунарга, китобхонликка, санъат ва маданиятга, компьютер технологиялари каби ривожланган соҳаларга ўз қизиқишлари бўйича амалий кўмаклашиши лозимлиги тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга овул ёшларини бешта ташаббус доирасидаги тўгаракларга жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун имконият яратиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.
Ҳудуддаги маданият маркази, таълим масканларида ёшлар учун беш ташаббус доирасида йўлга қўйилган бадиий ҳаваскорлик, спорт, чеварлик, миллий ҳунармандчилик тўгараклари, кутубхоналар фаолияти, уларга ёшларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тилга олинди.
Тадбир давомида беш ташаббуснинг жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича ташкил этилган тўгарак шуғулланувчилари ва маҳалладаги қизиқувчи ёшлар ўртасида шахмат-шашка ўйинлари ташкил этилди. Шунингдек, овулдаги маданият марказида ташкил этилган тўгараклар ҳаваскорлари томонидан тайёрланган мусиқий дастур ҳавола этилди. Истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, жозибали рақслар ва қизиқарли саҳна кўринишлари барчага жуда манзур бўлди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶