ДОРИЛОМОН КУНЛАР ҚАДРИ
Мустақиллик тўғрисида сўз кетганида: мустақиллик бизга нима берди, кеча ким эдиг-у бугун ким бўлдик, каби саволлар хаёлимизни чулғаб олади. Бешак, мустақиллик бизга эркин нафас ва янги фаровон ҳаёт ато этди. Яқин ўтмишга назар соладиган бўлсак, бизнинг халқимиз таҳқирланган, инсоний шаъни ва қадр-қиммати топталган, Республикамиз эса аграр ва қолоқ ҳудуд эди. Бугун эса ҳар томонлама ривожланган, ҳар бир соҳа тараққий топган, баркамол фарзандлари иқтидорлари билан дунёни лол қолдираётган, юксак маънавиятли, ҳур миллатга айландик. Истиқлолга эришишимиз натижаси ўлароқ, асрлар силсиласида ўз маҳобатини йўқотмай келаётган муқаддас қадамжоларимиз, масжид-у мадрасаларимиз қайта бўй тиклади. Юртимизга келаётган сайёҳларнинг сони кундан-кунга ортиб бораётганлиги бунинг ёрқин мисолидир.
Бугун Ўзбекистонимиз мустақиллиги йигирма уч ёшда. Мана шу қисқа фурсат ичида халқимизнинг моддий ва маънавий аҳволи тубдан ўзгариб кетди. Юртимиз таниб бўлмас даражада чирой очиб, бугун дунё аҳли ҳавас қилгулик даражада юксалиб бормоқда. Албатта, бу ўзгаришлар, бу юксалишлар замирида истиқлол берган улкан имкониятлар ётади.
Мустақиллик тўғрисида ёзганимда юрагимда фахр ва ифтихор туйғулари жўш уради. Сабаби истиқлолнинг бизнинг, менинг тақдиримдаги ўрни беқиёсдир!
Ифтихор шулки, бугун қайси бир манзилга борманг, у ерда янгиланиш ва бунёдкорликнинг гувоҳи бўламиз.
Обод манзиллардаги ҳурлик нафасидан баҳра олиб, илм олишга бўлган иштиёқимиз, севган соҳамизга бўлган муҳаббатимиз ва мухтасар қилиб айтганда, яшашга бўлган ихлосимиз янада ортади.
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан юртимиздаги барча шаҳару қишлоқларда байрам шукуҳи кезмоқда. Ҳар бир юртдошимиз кўнглида озод элнинг фарзанди эканлигидан ғурурланиш каби туйғулар кечаётганлигига яна бир карра гувоҳ бўламиз.
Мустақиллик тўғрисида кўп гапириш мумкин, айниқса истиқлолдан кейин бизнинг миллий байрамларимиз қайта тикланди. Буюк бобокалонларимиз илмий меросини ўрганиш бахтига эришдик.
Дунёдаги айрим давлатларда нотинчлик ҳукм сураётган бир пайтда, биз, ҳар биримиз мана шу дориломон кунларнинг қадрига етиб ва дилимизда шукроналик ҳисси билан яшашимиз керак.
Таниқли ёзувчимиз Ў.Ҳошимов шундай ёзади: "Бир гал анча олис сафарга чиқишга тўғри келди.
Аввал Германияга учдик. Ундан Америкага. Сўнг Швейцарияга. Кейин Англияга. Ниҳоят Лондондан Тошкентга учадиган бўлдик. Ҳаво кемасига ўтиришимиз билан осойишта ва ёқимли овоз янгради: ассалому алайкум, хонимлар ва жаноблар! Сизларни Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси номидан муборакбод этамиз!
Ростини айтсам, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Бу сўзлар менинг тилимда, она тилимда жаранглади! Ватанимдан минглаб чақирим нарида, тағин юзлаб хорижий йўловчилар ўтирган кемада!
Ақалли мана шу ҳолатнинг ўзи учун истиқлолга минг бора таъзим қилишга тайёрман!”
Бундай ҳолатларга ҳозирги кунда ҳар биримиз, ҳар куни дуч келамиз. Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистондек келажаги буюк юрт фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Ёши улуғ отахону-онахонларимизнинг эзгу ниятлар ила қўлларини дуога очиб, элга тинчлик тилаётганини кўриб, дуоингиз ижобат бўлсин деймиз! Шу мустақил юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги учун ўзимиз ҳам масъул эканлигимизни чин дилдан ҳис қиламиз.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз қутлуғ бўлсин, азизлар!
Азиза МАДРАҲИМОВА,
Манғит Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶