“Нўғай Эшон” жомеъ масжиди биноси янгидан барпо этилмоқда
Юртимизда масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўпчилик масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Бу каби ҳайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир. Масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш савоби улуғ амаллардан биридир.
Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра ҳудудларда янги масжидлар қурилмоқда.
Амударё туманининг Чойкўл овули ҳудудида жойлашган “Нўғой Эшон” жомеъ масжиди биносининг янгидан барпо этилиши ҳам бу борадаги амалий ишларнинг яққол намунаси бўлди.
Мазкур бинонинг қурилиш ишлари туман ҳокими қарорига асосан Чойкўл овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ажратилган ер майдонида шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ тарзда бошлаб юборилди.
Яқинда ҳашар йўли билан тадбиркорлар ва хайрия қилувчиларнинг ҳомийлик ёрдами ҳисобига қурилаётган ушбу масжид биносининг қурилиш ишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосари Нодирек Камолов, Амударё тумани бош имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев, масжид имом-хатиби Ўктам Қурбаниязов ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев маҳалла аҳлини ушбу муқаддас бинонинг барпо этилаётганлиги билан самимий табриклади. Шунингдек, бунёд этилаётган ушбу масжид ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.
Айтиш керакки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшишни истовчи маҳалла аҳли ҳам ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишга шай бўлиб туришибди.
Тадбирда имом-хатиблар масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани, ҳамда бу муқаддас ҳадисларимизда ҳам алоҳида баён қилиб ўтилганини таъкидлашди.
Шундан сўнг, туман ҳокими, имом-хатиблар ҳамда маҳалла аҳолиси масжиднинг янги биноси учун илк устунларни қоқишди.
Маросимда Қуръон тиловат қилинди ва янгидан қурилиши бошланаётган масжид тез орада бунёд бўлиши, уларда мўмин-мусулмонлар ибодатлар қилишини сўраб дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 24 июль куни Қипчоқ шаҳарчасидаги “Ҳожи эшон бобо” жомеъ масжиди биноси қурилишини бошлаш учун тамал тоши қўйилган эди. Айни кунларда масжид биноси бўй тиклаб, қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶