ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ТАМОЙИЛ – ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛАРГА АЛОҲИДА ҚУЛАЙЛИК
Фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахсларга жойлашган еридан қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имкониятини бераётган экстерриториал тамойил йўлга қўйилиши натижасида давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларидаги эскирган бюрократик тартиботлар, ортиқча қоғозбозлик, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш, оворагарчилик ва сансалорликларга чек қўйилмоқда.
Айни пайтда фуқаролар рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда. Нотариал хизматларни амалга ошириш жараёнида ҳам фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралари томонидан давлат хизматлари агентлиги ёхуд ФҲДЁ органларига мурожаат қилмасдан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб этилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинмоқда.
Шунингдек, ФҲДЁ органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти ҳам бекор қилинди. Ушбу органлар томонидан “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимлари интеграция қилиниб, керакли маълумотлар реал вақт режимида олинган ҳолда шакллантирилмоқда.
Президентнинг бу борадаги тегишли Қарор ва Фармонига кўра, ўрнатилган ФҲДЁ органлари фаолиятининг янги ташкилий-ҳуқуқий тартиб-таомиллари фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда, уларнинг электрон хизматлардан кенг фойдаланишини рағбатлантиришда ва идоралараро интеграцияни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, ФҲДЁ органлари фаолиятига аввало халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда замонавий АКТларнинг жорий қилиниши фуқаролар ва давлат ўртасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларнинг ижобий тарзда ҳал бўлишига имконият яратмоқда.
Р.Полвонова, туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶