ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ФОИЗСИЗ ТАЪЛИМ КРЕДИТИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА БЕРИЛАДИ?
Президентнинг 2022 йил 18 июлдаги Қарорига кўра, тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларга имтиёзли, фоизсиз таълим кредити берилади.
Унга кўра, кундузги, сиртқи, кечки таълим йўналишларида таҳсил олаётган Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабаларига (давлат, хусусий ва хорижий ОТМлар филиаллари), ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига (техникум, касб-ҳунар коллежи ва ҳакозо) берилади.
Масофавий таълим йўналишида ўқиётганларга берилмайди.
Шу ерда савол туғилиши мумкин: Ахир кредит 14 фоизда берилар экан-ку, нега фоизсиз дейиляпти?
Тўғри, таълим кредити аслида 14 фоизлик ставкада берилади. Аммо бу фоиз қисмини хотин-қизлар тўламайди, давлат тўлаб беради. Хотин-қизлар фақат таълим кредитининг асосий қисмини тўлайди, холос.
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб (яъни олти ой ўтиб) 7 йил давомида қайтарилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Ушбу таълим кредити барча босқичдаги талабаларга берилади. Шунингдек, мазкур таълим кредитини олиш учун ёш чегараси белгиланмаган, юқоридаги талабларга тўғри келувчи исталган ёшдаги хотин-қизлар олишлари мумкин.
Таълим кредити бир йил учун берилади, 4 йилликни умумлаштириб олиб бўлмайди. Лекин уни бир неча марта олиш мумкин, бунга чеклов йўқ. Яъни, биринчи босқичда олганлар, иккинчи босқичда яна олишлари мумкин. Бундан ташқари, таълим кредитини оиладаги бир неча қиз фарзандлар ҳам олиши мумкин, битта оилага фақат бир киши деган чеклов йўқ (фақат расмий даромади бор кафил топилса бўлди). Бироқ мазкур таълим кредити супер-контракт, қўшма таълим ва иккинчи мутахассислик учун берилмайди.
Таълим кредити фақат тўлов-шартнома суммаси миқдорида берилади. Масалан, аслида бир йиллик тўлов 10 млн. сўм бўлса, 15 млн. сўм кредит олиб бўлмайди.
Кредит олинганда уни тўлаш учун сарфланган маблағлар даромад солиғидан озод этилади. Масалан, талабанинг ота-онаси таълим кредитини тўлаш учун ойлик иш ҳақидан пул ўтказса, унда ўша тўланган қисми бўйича ойлигидан 12 фоиз пул қайтариб берилади.
Н.ЖуманиЁзова, туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶