АМИР ТЕМУР – МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ АСОСЧИСИ
XIV асрнинг 50-60-йилларида Мовароуннаҳр ўнга яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган эди. Кейинчалик уларни ягона давлатга бирлаштирган бобокалонимиз Aмир Темур Кеш (Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжаилғор қишлоғида 1336 йил, 9 апрель куни таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Aмир Темур ибн Aмир Тарағай ибн Aмир Барқул.
Aмир Темурнинг ёшлиги она юрти Кешда кечади. Ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган.
1363 йил Сеистонда мўғулларга қарши бўлган жангда чап оёғидан жароҳат олиб, оқсоқ бўлиб қолади.
A.Темур мамлакатда қонун ва тартиб жорий этади. Махсус қўшин тузиб, унга катта имтиёзлар беради. У бутун Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни бирлаштириб, йирик марказлашган давлат тузди.
Кенг кўламли ҳарбий юришлар натижасида соҳибқирон салтанатининг чегараси Усмонли турклар давлати чегарасигача бориб тақалди. Унинг давлати 27 та подшоликни эгаллади.
А.Темур 1405 йил 18 февралда, Хитойга юриши чоғида вафот этади. У давлат арбоби, моҳир саркарда сифатида юртимизда миллий давлатчиликнинг юксалишида муҳим ўрин тутади. Тарихий манбаларда Соҳибқирон номи билан бир қаторда яна "Соҳиби жаҳон" ҳамда "Соҳиби адл" – Aдолат соҳиби номлари билан улуғланади.
Собиқ Иттифоқ даврида A.Темур босқинчи сифатида қаралган бўлса, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, унинг номи қайта тикланди.
Буюк A.Темурнинг сиёсий фаолияти нафақат давлатчилик тарихини бойитишда, шу билан бирга ҳозирги шароитда миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлашда ҳам улкан аҳамият касб этмоқда.
Буюк Aмир Темур томонидан ёзилган муҳим асар бу «Темур тузуклари», яъни «Тузукоти Темурий»дир.
Юртимиз ва халқимиз мустақил бўлгач, мустақил давлатчилигимиз асосларини яратишда буюк A.Темур ва унинг «Тузуклари»га мурожаат қилмоқдамиз. Унинг «Куч – адолатда» тамойили эса ҳуқуқий давлат барпо этишимизда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Иномжон ТУРСУНБОЕВ, 41-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶