СУД-ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАНАДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айтиш жоизки, бу борада суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Президентимизнинг 2020 йилдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам халқаро мажбуриятлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қоидаларини бажаришга қаратилган бу борадаги муҳим ҳужжатлардан саналади. Унга кўра суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шу билан бирга, суд-тергов фаолиятига халқаро стандартлар ва илғор ҳорижий тажрибага асосланган янги механизмлар жорий қилинди. Халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Ундан ташқари, шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олишни тақиқланди. Фармонда беллгиланган тартибга кўра вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Суд-тергов фаолияти соҳасидаги бу каби ислоҳотлар Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади ва соҳа ривожини таъминлайди.
А.Сафаров, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶