АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА – ЖАМИЯТ БАХТЛИ БЎЛАДИ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрамини муносиб ташкил этиш ҳамда кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Аёлларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини тўлақонли таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида Амударё туманининг Қиличбой овулида ҳам “Аёл бахтли бўлса – оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса – жамият бахтли бўлади!" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда кўчабошчи аёллар, маҳалланинг фаол хотин-қизлари, нуроний онахонлар ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Пўлат Худайберганов қатнашди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар билан мулоқотлар ўтказиш ва ташвишларини ҳамда оилаларидаги муаммоларини эшитиш, шунингдек, мулоқотлар натижасида ҳар бир аёл ва унинг оиласи билан манзилли ишлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, хотин-қизларнинг оилаларидаги муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чораларни амалга ошириш, жумладан, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маҳалла хотин-қизлари ўртасида миллий қадриятлар ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган.
Юртимизда хотин-қизларга эътибор, давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга маълум. Хотин-қизлар ўзларининг маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардаги фаол иштироки учун, жамиятда ўз ўрнини топиши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, барча соҳаларда ўз иқтидорларини намойиш этишмоқда. Тадбирда бу ҳақда батафсил сўз бор.
Маҳалладаги ёш келинчаклар иштирокида “Ибратли келин” танлови ташкил этилгани тадбирнинг янада завқли ўтишига хизмат қилди. Мазкур кўрик-танлов халқимизга хос энг улуғ қадрият бўлмиш оилани асраб-авайлаш, унинг жамият ҳаётидаги роли нақадар муҳим эканлигини англаш, оилаларни мустаҳкамлашда кенг жамоатчиликнинг ўрнини ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб бериш, шу билан бирга, ибратли келинларни аниқлаш мақсадида ташкил этилди.
Кўрик-танлов қоидасига кўра, иштирокчилар 3 та шарт бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Дастлабки вазифа “таништирув” шарти бўлди. Унда иштирокчилар ўз оила аъзоларининг севимли машғулоти, касб-кори каби қатор умумий маълумотларни беришди. Иккинчи шарт эса савол жавоб тарзида бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар кийиниш ва муомала маданияти каби бир қатор тезкор саволларга жавоб бердилар. Учинчи шарт эса танлов иштирокчиларининг берилган 10та масаллиқдан неча хил салат тайёрлай олиш қобилиятини синовдан ўтказди.
Танлов якуний натижаларига кўра Соҳиба Рахимова “Маҳалланинг энг фаол ташабускор келини”, Соҳиба Йўлдошева “Маҳалланинг энг ораста келини”, Нилуфар Машарипова “Энг пазанда келин”, Мунасиб Отажанова “Маҳалланинг энг эпчил келини”, Озода Муҳаммаджонова “Тадбиркор келин” номинациялари соҳибалари бўлишди ва ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, иқтидорли ёшлар томонидан қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотлар кўргазмаси, ёш қизалоқларнинг бадиий чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Айниқса, кўчабошчи аёллар иштирокида миллий халқ қўшиқлари – лапар, яллалар куйланилиши томошабинларда ўзгача қизиқиш уйғотди.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳақида тўхталиб, жамиятда ҳар бир аёл ўз оиласида ва яқинлари даврасида бахтли яшашга ҳақли эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Аёл илмли бўлса, бирор бир касб-ҳунарнинг сир-асрорини мукаммал эгалласа, ўзига ва оиласига нафи тегади. Ўзига нисбатан ишончи мустаҳкам оналар кўп ҳолларда фарзандини ўқимишли ва зиёли шахс сифатида вояга етказа олади. Шу жиҳатдан, сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникма олишлари, ўзлари учун муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қиритилмоқда. Бу эса ўз навбатида қишлоқ аёлларининг ҳам бахтиёр яшаши, ўз иқтидорини намоён этишига шароит яратаяпти. Қиличбой овулида бўлиб ўтган тадбир ушбу фикрларимизнинг яққол исботи бўлди.
Тадбирда ўқувчи ёшлар ўзларининг шўх-шодон қўшиқлари билан маҳалла аҳлини хурсанд этди. Тадбир якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Пўлат Худайберганов сўзга чиқиб, барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан табриклаб, ўзининг “Орзуларим бир олам” номли китобини танлов иштирокчиларига совға қилди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶