ҲАЁТ ФАЛСАФАЛАРИ
Ҳаётда баъзан ўз принципларингга ўзинг қарши чиқишингга тўғри келади. Ўзинг яратган қонуниятларни ўзинг инкор этишга мажбур бўласан. Нимадир қилишдан олдин кимлар биландир ҳисоблашишга, рухсат сўрашга мажбурмиз.
Уясига дон ташиётган чумоли ризқини қаердан, қандай қилиб, қанча миқдорда олиб келишини бошқа чумолилардан сўрамас, эҳтимол? Капалак қайси гулга қўнишини, қаерга, қандай сайр қилишни бошқа сафдошларидан сўрамаслиги аниқ. Чунки у бир кунлик умрини ўзи хоҳлагандай яшашни билади.
Жонзотлар эркин... аммо биз эса, одам бўла туриб одамларнинг фикрига қулоқ тутишга, айримларнинг чизиб берган чизиғидан четга чиқмасликка ва “буйруқ”ларни бажаришга мажбурмиз. Умр ана шундай катта ва кичик мажбуриятлардан ташкил топган.
Инсон нақадар ожиз...
* * *
Яқин кунлардан бери уйимизга ҳар куни бир мушукча меҳмонга келади. Кўринишидан дайди мушукка сира ўхшамайди. Эшигимиз ташқарисида пойлаб туради-да, эшик очилиши билан уйга, ичкарига қараб югуради, шўрлик. Баъзан эса, дераза ортидан бизни кузатиб ўтириши юрагимни эзади.
Аслида мушукларни унчалик ёқтирмайман. Аммо негадир шу мушукка меҳрим тушди. Раҳмим келди, мушукчани ўйласам: совуқда қандай ҳаёт кечираркан? Йўлда машина “уриб” кетмадимикан, деган саволлар тинчлик бермайди.
Эссиз, ҳайвонот дунёси! Улар инсониятга тобе бўлиб яшашга маҳкум. Тилсиз жониворлар берсанг ейди, урсанг... Одамларда бўлса ақл бор, фаросат бор, забон бор. Кўнгил бор, меҳр бор, муҳаббат бор. Лекин баъзида ана шу меҳрни, муҳаббатни ҳайвонларга бериш у ёқда турсин, бир-биримиздан қизғонамиз.
Демак, одам бўлиб келиб, инсон бўлиб кетиш – қийин, жуда қийин!
Азиза МАДРАҲИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶