Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан: МУҲТАРАМЛИК ЙЎЛИ
Инсон камолоти ҳақида гап кетганда кўпинча унинг жамиятда ўз мавқеига эришиш йўлида қилган эзгу ишлари тилга олинади. Лекин унинг ана шу даражага етишидаги асосий мезонлар ҳақида жуда кам гапирамиз. Аслида эса унинг шахсий қарашлари, интилишлари, инсоний фазилатлари, ўсиб-улғайган оила муҳити ва ниҳоят у таълим олган илм даргоҳи, устозлари инсонни камолотга етакловчи мезонлар сифатида жуда катта маънавий-маърифий, ҳатто ижтимоий аҳамиятга эга. Инсон ана шу мезонлардан куч, ибрат олади, ҳаётда ҳамиша илғор фикрли инсонлар сафида бўлишга интилиб яшайди. Олдинга интилиб яшаш эса уни орзунинг ойдин йўлларига олиб чиқади, камолот сари имкон эшикларини очади.
Амударё туманининг Чойкўл қишлоғида, зиёли оилада туғилиб-ўсган оддий физика фани ўқитувчиси Хушнуд Чоршамовнинг шахс сифатида шаклланишида энг аввало у ўсиб-улғайган оиладаги зиёбахш тарбия муҳити, ота-онаси ва ўзидан катта ака-опаларининг меҳрга йўғрилган инсоний фазилатлари, болалигидан шаклланган беғубор орзулари, фикран етуклик сари интилишлари наинки муҳим ҳаётий мезон, балки камолот йўлидаги маънавий пиллапоялар бўлди.
Халқ саломатлигини сақлашдек шарафли касб фидойиси бўлган отаси Ҳожибой доктор ва узоқ йиллар Амударё туманининг пиллачилик соҳасини бошқарган онаси Шукуржон ҳожи оналарнинг кенжа фарзанди бўлган Хушнуд Чоршамов болалигидан ҳавасга муносиб намунали хулқ-атвор соҳиби бўлиб улғайди. Ўзидан катта ака-опаларининг барчаси олий маълумотли ўқитувчилар сифатида иш фаолиятларини бошлаганида унинг қалбидаги ҳавас чинакам орзуга айланди ва ҳеч иккиланмай ўқитувчилик касбини танлади.
38-сонли умумтаълим мактабини фақат аъло баҳоларга тугатган Хушнуджон Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг физика факультетида таҳсил олди. Талабалик даврида мазкур олийгоҳнинг таниқли профессор-ўқитувчиларидан нафақат ўзи танлаган йўналиш бўйича, балки педагогика соҳасига оид замонавий таълим-тарбия услубларини ўрганди. Таълим тизимига жорий этилаётган инновацион лойиҳалар, ўқитишнинг жаҳон андозаларига мос янгиликларини пухта ўзлаштирди, ўқиб-ўрганишдан, ўз устида ишлашдан асло чарчамади.
“Сабр-тоқат билан илм ўрганиш, доимий изланиш учун вақт сарфлаш – ёрқин ва бахтли келажак кафолати” деган эзгу шиорни ўзига дастуриламал қилиб олган Хушнуд Чоршамов 2014 йилда собиқ Манғит қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида физика фани ўқитувчиси сифатида илк педагогик фаолиятини бошлаган кунларданоқ “тилга тушди”. Физика фанига қизиқувчи коллеж талабалари унинг ҳар бир дарсини орзиқиб кутадиган бўлишди.
Бирон бир соҳада ўз касби бўйича етарли даражада фаолият олиб бораолмаган мутахассисга “устоз кўрмаган-да”, – дея таъриф берамиз. Хушнуд Чоршамов эса олийгоҳ таҳсили давомида ҳам, коллеждаги ўқитувчилик фаолияти жараёнида ҳам фидойи ва билимдон устозлар таълими, маслаҳатлари, илмий-назарий тажрибаларидан баҳраманд бўлди. Айниқса, собиқ Манғит қишлоқ хўжалик коллежининг математика фани ўқитувчиси Азимбой Сапарбоев билан таълим-тарбия соҳасидаги ҳамкорлиги унинг ўқитувчи сифатидаги рейтинги ошишида муҳим аҳамият касб этди. Коллежда ташкил этилган математика-физика тўгарагида устози Азимбой Сапарбоев билан ҳамкорликда аниқ фанларга қизиқувчи ёшларга машғулотлар ўтказди. Натижада коллеж битирувчилари орасида ОТМларга ўқишга кирувчилар сафи йил сайин ошиб, ҳатто Амударё туманининг энг чекка ҳудудларидаги умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари тўгарак машғулотларидан баҳраманд бўлиш мақсадида коллежда ўқиш истагини билдирадиган бўлишди.
Манғит қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи негизида ҳозирги Амударё муҳандислик техникуми ташкил этилиб, иш ўринлари оптималлаштирилиши муносабати билан Хушнуд Чоршамов устози Азимбой Сапарбоев билан биргаликда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 56-сонли умумтаълим мактабида ўз педагогик фаолиятини давом эттирди.
Шу йили унинг бир нафар ўқувчиси физика фанидан ўтказилган инновацион олимпиаданинг Республика босқичи ғолиби бўлди. Бу ёш ўқитувчини янада самаралироқ фаолият юритишга ундади ва 2019-2020 ўқув йилида мактаб директори Арзигул Худойберганова ҳамда математика фани ўқитувчиси Азимбой Сапарбоев билан бамаслаҳат ўқув йилининг 3-чорагида технология йўналиши бўйича вариатив ўқув режаси асосида 10-11- синфларда аниқ фанларга қизиқувчи ўқувчилардан иборат синф ташкил этилиб, илк дарс машғулотлари бошлаб юборилди.
– Мақсадимиз битта – 56-сонли мактабнинг Амударё туманидаги илғор мактаблар қаторидан жой олишига эришиш эди, – фанларни ўзлаштириш бўйича анчайин қолоқ бўлган мактабда ишлаган даврини қониқиш билан эслайди Хушнуд. – Устозим Азимбой Сапарбоев билан ҳамкорлигимиз самарали бўлди, биз педагог сифатида олдимизга қўйган мақсадимизга маълум маънода эришдик.
Ҳақиқатдан ҳам жуда қисқа фурсат ичида мактабнинг вариатив ўқув-режаси асосидаги технология йўналиши бўйича синфи ўқувчилари фанни ўзлаштириш даражаси бўйича 78 фоиз натижага эришдилар 33 нафар ўқувчидан 29 нафари шу йили ОТМ талабалари бўлдилар. Бу кўрсаткич йил сайин ошиб борди 2020-2021 ўқув йилида технология йўналиши бўйича вариатив ўқув синфи битирувчиларининг барчаси – 100фоиз ОТМ талабалари бўлишди.
2021-2022 ўқув йилида 56-сонли мактаб ўқувчилари фанлар олимпиадасининг туман ва республика босқичларида катта ютуқларни қўлга киритгани эвазига мактабга 180 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриб берилди. 2022-2023 ўқув йилида эса Хушнуд Чоршамовнинг уч нафар ўқувчиси фанлар олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичи совриндорлари бўлишди. Шу йили мактабнинг уч нафар ўқувчиси мактабни олтин медаль билан битиришди.
2021 йилдан бери мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган НДПИ ректори кубоги ва ҚДУ ректори кубоги мусобақаларида Хушнуд Чоршамовнинг ўқувчилари деярли ҳар йили 1-2-ўринларни эгаллашиб, мазкур ОТМларга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиниш ҳуқуқини қўлга киритиб келишмоқда.
Ўтган ўқув йили ҳам Хушнуд ва унинг билимдон шогирдлари учун муваффақиятли якунланди. Икки нафар ўқувчиси фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1- ва 3-ўринларни эгаллаб, улардан бири мазкур олимпиаданинг Ўзбекистон Республикаси босқичида совриндорлар сафидан жой олди.
Барча соҳаларда кучли билим ва салоҳиятга эга мутахассислар юксак қадрланади, айниқса, таълим тизимида фаолият юритувчи ана шундай билимдон, зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қиладиган кадрларнинг ҳамиша қадри баланд.
Хушнуд Чоршамовнинг педагогик фаолияти давомида эришаётган ютуқларига ҳавас қилувчилар қанчалик кўп бўлса, унинг тажрибаларидан баҳраманд бўлишни хоҳловчи касбдошлари сафи ҳам талайгина. 2023-2024-ўқув йилидан 36-сонли мактабда ўз педагогик фаолиятини давом эттираётган Хушнуд Чоршамовнинг атрофидаги шогирдлари сафи ҳам кун сайин ошиб бораётганидан аёнки, мазкур илм масканида ҳам у лидер ўқитувчи сифатида ўз мавқеига эга. Чунки ўтган қисқа вақт – бир йил ичида Хушнуд Чоршамов таҳсилини олган мазкур мактабнинг технология йўналишидаги вариатив синфи ўқувчиларининг барчаси – 100 фоиз ОТМ талабалигига қабул қилиндилар. Эришилган бу ютуқ туфайли 36-сонли мактаб таълим-тарбия яхши йўлга қўйилган ўқув муассасалари қаторидан жой олди.
Албатта, ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди, ҳар қандай муваффақиятнинг замирида кучли билим ва салоҳият, юксак педагогик маҳорат, ўқитувчи-мураббийга хос самимият, шогирдларига нисбатан меҳр бўлиши зарур. Хушнуджоннинг феълида эса, назаримда буларнинг барчаси уйғунлашиб кетган, туғма қобилиятли ўқитувчи. Шунинг учун ҳам у ўз касбий фаолиятини адо этиш жараёнида бутун вужуди билан берилиб машғулотлар олиб боради, ўқувчиларига физик қонунлар моҳиятини санъаткорона тарзда етказади, синф тўла ўқувчилар қалбида ҳам ҳайрат, ҳам ўз фанига нисбатан меҳр ва қизиқиш уйғотади. Ана шу меҳр туйғуси ва шогирдларининг физика фанига бўлган қизиқишлари Хушнуд Чоршамов эришаётган ютуқлар учун йўл очади.
Ўқитувчининг мақсади ҳам, зиммасидаги масъулияти ҳам шу – энг аввало ўқувчи қалбида ўз фанига нисбатан меҳр ва қизиқиш уйғотиш, илм ўрганишга иштиёқманд ёшларнинг орзуларига қанот бағишлаш. Ана шу мақсадга эришган ўқитувчи нафақат ўз касбининг фидойиси, балки санъаткори ҳамдир. “Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси” ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари соҳиби Хушнуд Чоршамов ана шундай фазилат соҳиби.
Биз юқорида Хушнуд Чоршамовнинг камолот пиллапоялари сари дадил қадам қўйишида у ўсиб-улғайган оила муҳити, ота-онасидан, бири-биридан иқтидорли ака-опаларидан олган ибрати муҳим аҳамият касб этгани ҳақида сўз юритган эдик. Эндиликда эса бу зиёбахш оила бағрида унинг орзу-интилишларига ҳамроҳ-у ҳамроз умр йўлдоши, моҳир педагог Насибахон ва ширин-шакар уч нафар фарзанди меҳр гулларини сочиб кутиб олади ва севимли ишига кузатиб қўяди.
– Иш фаолиятимни хотиржам адо этишимда менга ҳамиша елкадош ота-онам ва умр йўлдошимдан миннатдорман, – дейди Хушнуд Чоршамов, – мен эришаётган ютуқларнинг барчасида уларнинг ҳиссаси катта.
Дарвоқе, оила бағридаги мусаффо, соғлом ҳаво инсонни элда азиз қилади, муҳтарамлик мартабасига етказади. Хушнуд Чоршамовни турли байрам саналарида “устоз”, деб йўқлаб келгувчи шогирдлари бисёр. Давраларда қаршисига пешвоз чиқиб, унга жой бергувчилар, энг яхши кунларида уйларига таклиф қилгувчилар, ҳаётда эришган ютуқларини у билан бирга баҳам кўргувчилар кўп. Айниқса, Ўқитувчи ва мураббийлар кунида унинг хонадони шогирдлари билан ҳамиша гавжум бўлади. Бу унинг бахтли тақдири, муҳтарамлик йўлидаги эл-юрт эҳтироми. Зотан,
“Хушнуд домла”, деб келади шогирдлари,
Меҳр гулин тўкиб ташлар пойларига.
Нақшлаб олган қалбларига ўгитларин,
Бош қилишар устозини тўйларига.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶