“Маҳалла еттилиги” фаолиятига оид йиғилиш ўтказилди
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи билан маҳаллаларда “еттилик” фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, уларга бир қатор вазифалар юкланган. Албатта, ҳар бир ишда иштиёқ, ҳаракат, натижа ва сарҳисоб бўлади. Жойларда “Маҳалла еттилиги” иш бошлаган мана шу қисқа вақт оралиғида уларнинг амалга оширган ишлари ва саъй-ҳаракатлари, ютуқлари, натижалари талайгина.
Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари, солиқ инспекторлари ва ижтимоий ходимлар иштирокида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳисоботи ва келгуси йил режаларига бағишланган Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман ҳокими Собир Хўжаметов иштирок этди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда ҳоким ўринбосарлари ва тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари муҳокама этилди, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, тадбир мобайнида самарали фаолият олиб бораётган фуқаролар йиғинлари раислари рағбатлантирилди.
Ўтган 2024 йилда биргина хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, туманда шу кунгача 5-босқич “Аёллар дафтари”га киритилган 5 минг 600 нафар хотин-қизларнинг 5 минг 525 нафарига, яъни 98 фоиздан ортиқ қисмига ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, ишсиз 2 минг 258 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасининг бандлиги таъминланган. 1 минг 564 нафар хотин-қизлар доимий ишга жойлаштирилган, 36 нафар хотин-қизлар вақтинчалик жамоат ишларига жалб этилиб, 72 нафар аёл-қизлар касб-ҳунарга ўқитилган. Шу билан бирга, мустақил равишда ишга жойлашганлар ва ўзини -ўзи банд қилган аёллар сони 586 нафарни ташкил этган.
Аёл ишбилармон ва ўз устида тинимсиз ишлайдиган, меҳнатсевар бўлса бундай онанинг фарзандлари ҳам тиришқоқ, интилувчан авлод бўлиб камол топади. Барча аъзолари қандайдир фойдали машғулот билан шуғулланадиган тадбиркор оилада эса фаровонлик ҳукм суради. Боиси, ҳамма фойдали иш билан банд бўлган хонадонда уруш-жанжаллар камроқ бўлади. Ҳа, тадбиркорликнинг яна бир аҳамиятли жиҳати ҳам шунда.
Жорий йилда туманда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 652 нафар хотин-қизлардан 594 нафарига 3 млрд 530 млн сўм миқдорида кредит ажратилган ва уларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишларига кўмаклашилган.
Шунингдек, бир марталик моддий ёрдамга мухтож бўлган, жами 2 минг 653 нафар хотин-қизларга “Аёллар дафтари” жамғармаси томонидан 3 млрд сўмдан ортиқ бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга, уй-жойи таъмирга мухтож 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойида ҳомийлик ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 5 нафар хотин-қизлар эса уй-жой билан таъминланган. Эндиликда улар шинам уй-жойларда яшаб, юртимизда аёл-қизларга бўлган эътибордан мамнун ҳолда яшамоқдалар.
Шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 404 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига “Аёллар жамғармаси” томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу мақсадлар учун жами 542 млн 640 минг сўм маблағ йўналтирилган.
Орамизда деҳқончилик қилишга қизиқиши бўлган, деҳқончилик орқасидан даромад топаётган аёл-қизлар сони кундан-кунга кўпаймоқда. Бу орқали улар ҳам бандлигини таъминлаб, ҳам оиласига қўшимча даромад олиб кирадилар. Шу мақсадда, туманимизда томорқадан унумли фойдаланиш учун 19 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига ҳудудлардаги фермер хўжаликлари бириктирилиб, фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан ҳомийлик ёрдамлари сифатида помидор, бодринг ва бошқа турли хилдаги полиз экинлари кўчатлари тарқатилган. Мавсумда ушбу экинлар ҳосилга кириб, оилалар дастурхонининг тўкин бўлишига ҳисса қўшган.
Йиғилиш давомида “Маҳалла еттилиги”нинг барча йўналишлар бўйича ҳам шу каби ҳисоботлар тақдим этилди. Ютуқлар эътироф этилиб, камчиликлар таҳлил қилинди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олиниб, топшириқлар ижроси доимий назоратда эканлиги таъкидланди.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶