Оқ олтин овули далаларида қут-барака нафаси уфурмоқда
Амударё туманининг Оқ олтин овули ўзининг ям-яшил табиати, кенг ва серҳосил далалари, сермева боғлари, меҳнаткаш халқи ҳамда гўзал манзаралари билан бир бор меҳмон бўлган инсон қалбида умрбод ажойиб хотира бўлиб қолади. Амударё соҳилидан эсиб турувчи майин, салқин шабада табиатнинг хушбўй ифори билан димоғингизга хуш ёқади, танангизга куч-ғайрат, тетиклик бағишлайди. Ўпкангизни тўлдириб, тоза ҳаводан нафас оласиз. Жумуртов ва Қоратов қир-тепаликлари бир қадам масофада, худди қаршингизда тургандай туйилади.
Кун ёришиб, қуёш осмонга бош қўймасидан олдин, миришкор деҳқонлар ва тадбиркор фермерлар ўзларининг қадрдон далалари томон ошиқади. Шу боис, Амударё туманида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса пахта ва ғалланинг илк ҳосил карвони байрами айнан Оқ олтин заминидан бошланиши бежиз эмас. Овул одамлари учун қишлоқ хўжалиги тирикчилик манбаи бўлиш билан бирга турмуш тарзи, ҳаёт фалсафасига айланган.
Дастлаб Амударё туманида жорий йил пахта ва ғалла етиштириш бўйича қилинаётган ишларга эътибор қаратсак: жорий йилда “Eco teks” МЧЖ пахтачилик кластери билан тумандаги 348 та фермер хўжаликлари 13 минг гектар ер майдонида пахта етиштириш бўйича контрактация шартномалари имзолашган. Эрта баҳорда экилган чигит айни кунларда бир текис униб, баравж ривожланмоқда. Паxта майдонларида тупроқни чуқур юмшатиш, ўғитлаш каби агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Ҳар гектардан ўртача 44 центнер юқори сифатли пахта ҳосилини олиш ва умумий ҳосил хирмонини 57 минг 220 тоннага етказиш кўзда тутилган.
Айни пайтда пахта майдонларида иш қизғин тус олган. Ғўза қатор ораларига дастлабки ишлов бериш, озиқлантириш, ғўзани яганалаш каби агротехник тадбирлар сифатли амалга оширилмоқда. Кенг дала узра эсаётган майин шамол дарё ва тоғ ҳавосини уфуради. Узоқда қатор-қатор тераклар саф тортган, янада олисда эса тоғлар кўзга ташланади. Мусаффо осмон, она замин ва инсон меҳнати уйғунлашган бу гўзал манзара қалбларга шукроналик ва эзгулик бағишлайди. Назаримда бу далаларда ҳаёт нафақат моддий, балки маънавий мазмун касб этади.
Туманда пахтадан ташқари, ғалла етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Амударёлик ғаллакор фермерлар “Қипчоқ ғалла кластер” МЧЖ билан тузилган контрактация шартномалари асосида жорий йилги ҳосил учун 6 минг гектардан ортиқ ерда буғдой етиштирмоқдалар. Яқин кунларда ҳосил ўрим-йиғим ишлари бошланади. Деҳқон юзида шодлик ифодаси. Чунки кенг ғалла далаларида пишиб-етилаётган бўлиқ буғдой бошоқлари мўл ҳосилдан дарак беради. Вақтида бажарилган агротехник тадбирлар ўз натижасини кўрсатяпти.
Оқ олтин овули ҳудудида фаолият юритаётган 14 та фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 850 гектар ерга пахта, 25 гектарга эса буғдой экилди. Экиш жараёнлари сифатли, агротехник талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилди.
Пахта далаларида ерни чуқур юмшатиш, суспензия қилиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан бойитиш, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш каби агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда, аниқ режа асосида олиб борилди. Меҳнат натижалари аллақачон ўз самарасини бера бошлаган.
Буғдойзорларда ҳам агротехник тадбирлар пухта режа асосида амалга оширилди. Ерни экишга тайёрлаш, уруғлик танлаш, вақтида суғориш ҳамда экинни турли зараркунандалардан асраш мақсадида бажарилган ишлар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилди.
Оқ Олтин овулидаги фермер хўжаликлари орасида Маҳмуд Юсупов раислигидаги “Сарагул Йўлдошева” фермер хўжалиги 62 гектар ерда паxта ва ғалла экиб, ҳосилдорликни ошириш учун барча имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, Ғуломжон Аллаберганов раислигидаги “Собирова Малика” фермер хўжалиги ҳам ғалла, картошка ва боғдорчилик соҳаларида фаолият юритиб, овул фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ҳар бир экин ўз вақтида, агротехник талабларга мувофиқ етиштирилади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида овул ёшларига ажратилган далаларда ҳам иш қизғин. Серунум тупроқ деҳқон меҳнатига муносиб жавоб қайтаради. Қай тарафга назар ташламанг, меҳнатсеварлик билан уйғун гўзал манзаралар. Картошка экилган майдонларда қайноқ меҳнат нишонаси кўзни қувонтиради. Эгатларни тўлдирган турли экинлар аллақачон ҳосилга кирган. Ёш деҳқонлар эгатларга ишлов бериб, она ер бағридан ўз меҳнатлари билан ундираётган зироат салмоғидан мамнун.
Помидор экилган майдонлар ҳам гуллаб-яшнамоқда. Бу гўзал манзараларни кўриб, деҳқоннинг юзидаги табассумни, кўнглидаги мамнуниятни ҳис этмаслик мумкин эмас. Далаларнинг бошқа чеккасида эса ерга бағир босган қовун ва тарвуз палаклари ҳосилга кирган. Қалин палаклар кўзни қувнатади, шодлик бағишлайди. Ҳар бир эгат тўкинлик ва баракадан дарак беради гўё.
Файзга тўла олмазорлар ҳам ҳосил юкидан эгилиб турибди. Яқин кунларда эртаги олмалар пишиб, оилалар дастурхонларини безайди. Ҳа, оқ олтинлик миришкор деҳқонларнинг меҳнати ҳар фаслда ўз сўзини айтади. Она ер фидойи меҳнатни мукофотлайди, ҳалол меҳнатдан эса халқимиз дастурхонига қут-барака ёғилади.
Оқ олтин овулликлар табиатан камтар ва меҳнатсевар. Қишлоқда ҳаётнинг ўзига хос ритми бор: кун ёришмасидан уйғониш, далага йўл олиш, кун давомида самарали меҳнат қилиш ва кечқурун оила даврасида ҳордиқ чиқариш — булар оқ олтинликлар ҳаётининг кундалик сценарийси, ҳалол меҳнат қилиб, фаровон турмуш кечириш эса умрининг асл мазмунидир.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶