40-сонли мактаб ўқувчиси Оғабек Озодов Хитойда ўтказилган нуфузли халқаро олимпиадада олтин медаль соҳиби бўлди
Математика каби мураккаб ва аниқ фанларда юқори натижаларга эришиш учун фақатгина туғма иқтидор ёки назарий билимларнинг ўзи етарли эмас, балки тинимсиз изланиш, мукаммал ҳисоб-китоб ҳамда узоқ муддатли, пухта тайёргарлик талаб этилади. Бугунги кунда юртимиз ёшлари нафақат спортда, балки илм-фан, хусусан, аниқ фанлар соҳасида ҳам жаҳон ареналарида ўзларининг юксак интеллектуал салоҳиятини намойиш этиб келишмоқда. Бунинг ёрқин ифодасини яқинда Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган нуфузли халқаро олимпиада мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Хитойнинг Ханчжоу илмий-тадқиқот институтига қарашли Сидянь университетида математика фани бўйича бўлиб ўтган GATE олимпиадаси имтиҳонида Ўзбекистон шарафини 40 нафарга яқин ёш, иқтидорли математиклар муносиб тарзда ҳимоя қилдилар. Энг қувонарлиси шундаки, мактаб ўқувчиларидан иборат терма жамоамиз аъзоларининг айримлари мураккаб шартларни бехато бажариб, 100 фоизлик натижа қайд этишга муваффақ бўлишди ва юртимиз байроғини баланд кўтаришди.
Дунёнинг турли қитъаларидан, кўплаб мамлакатлардан келган минглаб ёшлар ўзларининг билим, салоҳият ва интеллектуал қобилиятларини синовдан ўтказган ушбу нуфузли халқаро беллашувда иштирокчилар инглиз тили ҳамда математика фанлари бўйича беллашдилар. Фахр билан таъкидлаш керакки, мана шундай кучли билимдонлар орасида туманимиздаги 40-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Оғабек Озодов ҳам бор. У олимпиаданинг олтин медалига сазовор бўлди. Умумий ҳисобда, 40 нафар турли ёшдаги мактаб ўқувчиларидан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси мазкур мусобақада жами 5 та олтин, 6 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритишга эришди. Байрам арафасида ғолиб ва совриндорлар Тошкент халқаро аэропортида кенг жамоатчилик, ота-оналар ва устозлар иштирокида катта тантана билан, муносиб кутиб олинди.
Бир ҳафта давом этган мазкур мусобақа иштирокчилар учун нафақат ўз билимларини синовдан ўтказиш ва баҳолаш майдони, балки хорижлик тенгдошлари билан яқиндан мулоқот қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги билимларни ўзлаштириш учун ғоят муҳим платформа вазифасини ўтаб берди. Мутахассисларнинг эътироф этишича, жаҳон ареналарида, хусусан, Хитойда бўлиб ўтадиган олимпиадаларда ғолиб бўлиш ҳеч қачон осон кечмайди. Сабаби, Хитой давлати дунёда математика фани бўйича энг илғор ўринлардан бирини эгаллайди ва уларнинг топшириқлари ўта мураккаблиги билан ажралиб туради. Ана шундай энг қийин ва мураккаб ҳисобланган олимпиадада 100 фоизлик натижа кўрсатиб, мутлақ чемпион бўлиб қайтган ўқувчиларимизнинг ютуғи тарихий аҳамиятга эгадир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶