АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Амударё туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумига тайёргарлик ишлари ва оммавий кўчат экиш тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, туманнинг Чойкўл овули ҳудудида оммавий кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, ташкилот ва идоралар масъуллари, “Маҳалла еттилиги” аъзолари, аҳоли ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этдилар. Тадбир давомида белгиланган ҳудудларда дарахт ва бута кўчатлари экилиб, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишларига амалий ҳисса қўшилди.
Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, аҳоли яшаш жойларида қулай экологик муҳит яратишга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги Фармони билан мазкур лойиҳани амалга ошириш янги босқичга олиб чиқилиб, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахт ва бута кўчатларини экиш, уларни парваришлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича масъул раҳбарларнинг вазифалари белгилаб берилди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, Амударё туманида 2026 йил кузги мавсумида жами 829,8 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Ушбу вазифани сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, масъул ташкилот ва идораларга аниқ топшириқлар юклатилди.
Қарорга асосан, биринчи навбатда, ариқлар, зовурлар ва каналларни чиқиндилардан тозалаш, зарур ҳолларда таъмирлаш, аҳоли яшаш жойлари, маҳаллалар, кўп квартирали уйлар атрофи, ижтимоий соҳа объектлари ва автомобиль йўллари бўйида ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, кузги кўчат экиш мавсумига тайёргарлик доирасида ажратилган ер майдонларини тозалаш, текислаш, суғориш тизимларини яратиш ва созлаш, тупроққа ишлов бериш ҳамда бошқа зарур агротехник тадбирларни олдиндан амалга ошириш устувор вазифалар сифатида белгилаб қўйилган.
Лойиҳа доирасида ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтиришнинг самарали усулларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар оралиғида, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳовлиларида “маҳалла микроўрмонлари”ни ташкил этиш режалаштирилган. Бунда 200–1000 квадрат метр майдонларда дарахт ва бута кўчатларини зич экиш усулидан фойдаланилади. Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда эса жамоатчилик кичик боғларини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, туманнинг яшиллик даражасини оширишга қаратилган яшил дастурларни ишлаб чиқиш, яшил боғлар, сояли сайр кўчалари ва бошқа экологик масканларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида ёмғир, қор ва оқова сувларини тўплаш ҳамда қайта ишлатиш имконини берувчи суғориш тизимларини йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Дарахт ва буталарни парваришлаш самарадорлигини ошириш мақсадида компостлаш ва мулчалаш тизимини жорий этиш, шох-шаббаларни майдалаш ускуналари билан таъминлаш ҳам белгиланган. Тайёрланган компост ва мулчадан, аввало, яшил ҳудудлардаги очиқ тупроқ майдонларини қоплаш ва кўчатларни парваришлашда фойдаланиш назарда тутилган.
Умуман олганда, туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, кўчат экиш билан бир қаторда уларни парваришлаш, яшил ҳудудларни сақлаш ва кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар натижасида Амударё туманида экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ҳамда ҳудудларнинг кўкаламзорлик даражасини оширишга эришиш кўзда тутилган. Бу борада масъул ташкилотлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶