Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди
Ўзбекистон — буюк аждодлар жасорати, мардлик ва матонат, ватанпарварлик ва фидойилик анъаналари асрлар оша яшаб келаётган муқаддас замин. Бу юртда Ватан озодлиги ва халқ фаровонлиги йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар, ўз ҳаётини эл-юрт хизматига бағишлаган улуғ инсонлар камол топган. Уларнинг ибратли ҳаёти ва мардонавор фаолияти бугунги авлод учун бебаҳо маънавий мерос, юксак тарбия мактабидир.
Ана шу эзгу анъаналарни давом эттириш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, халқига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юксак фуқаролик масъулиятини шакллантириш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги “Умумтаълим мактабларида “Жасорат мактаби” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 688-сонли қарори бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг 208 та туман ва шаҳрида биттадан “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур қарор ижроси доирасида Амударё тумани Хотира майдонида тумандаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2026–2027 ўқув йилида “Жасорат синфи”га қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш тадбири бўлиб ўтди. Маросимда туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Шуҳрат Маматов ҳамда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Умиджон Ўразалиев сўзга чиқиб, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда масъулият, интизом, мардлик ва фидойилик фазилатларини шакллантиришнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.
Сўзга чиққанлар Ватанга хизмат қилиш ҳар бир фуқаро учун буюк шараф ва муқаддас фарзандлик бурчи эканини таъкидладилар. Она юртни севиш, унинг тинчлигини асраш, халқ осойишталиги ва мамлакат тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш ҳар бир ёшнинг ҳаётий эътиқодига айланиши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, аждодларимизнинг мардлик ва жасорат анъаналарини давом эттириш, уларнинг муносиб ворислари бўлиш учун, энг аввало, пухта билим, мустаҳкам ирода, юксак одоб-ахлоқ ва қатъий интизом зарурлиги уқтирилди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзалари, шубҳасиз, ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш маросими бўлди. Ўқувчилар Ватанимиз байроғи, буюк аждодларимизнинг муқаддас хотираси ва тенгдошлари гувоҳлигида Она Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиш, юртга садоқатли бўлиш ҳамда “Жасорат синфи” ўқувчилари низомига қатъий риоя этиш ҳақида тантанали равишда ваъда бердилар.
Ўқувчилар учун ушбу кун ҳаётларидаги муҳим босқичлардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз. Чунки улар шу кундан бошлаб нафақат ўз билимлари ва хулқ-атвори, балки “Жасорат синфи” ўқувчиси деган шарафли номга муносиб бўлиш масъулиятини ҳам чуқурроқ ҳис этишга интиладилар. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, ўқишга муносабати, устозлари ва ота-оналарига ҳурмати, тенгдошлари билан муомаласи мазкур тарбия йўлининг муҳим кўрсаткичидир.
Бугун мактаб партасида ўтирган ўғил-қизлар эртага турли соҳаларда мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган мутахассислар, етакчилар ва фидойи инсонлар бўлиб етишадилар. Уларнинг қалбида бугун уйғонган ватанпарварлик туйғуси келажакдаги эзгу ишларига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Бу борада мактаб жамоаси, ота-оналар, маҳалла фаоллари ҳамда тегишли ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳимдир.
Шубҳасиз, “Жасорат синфи” ўқувчилари келгусида билимли, интизомли, қатъиятли, ташаббускор ва Ватанга садоқатли ёшлар бўлиб камол топишга интиладилар. Улар ўзларининг намунали хулқи, пухта билими, одоб-ахлоқи ва эзгу ишлари билан тенгдошларига ўрнак бўлишлари, оиласи, мактаби, маҳалласи ва бутун жамият ишончини оқлашлари лозим.
Зеро, юрт равнақи фақат бугун амалга оширилаётган ишлар билан эмас, балки эртанги кун эгаларининг қандай инсон бўлиб вояга етиши билан ҳам белгиланади. Ёшлар қалбига эзгулик, ҳалоллик, мардлик ва ватанпарварлик уруғларини қанчалик чуқур сингдира олсак, келажагимиз шунчалик мустаҳкам бўлади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶