Амударё туманида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва автоҳалокатларнинг олдини олиш бўйича муҳим йиғилиш бўлиб ўтди
Амударё тумани ҳокимлиги мажлислар залида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситалари иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларнинг аянчли оқибатларини бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник Бахтияр Торебеков ҳам иштирок этиб, автоҳалокатларнинг борган сари кўпайиб бораётгани, уларнинг салбий ижтимоий-психологик ва иқтисодий оқибатлари ҳақида кенг тушунтириш берди. Йиғилишда туман ҳокими Собир Хўжаметов бошчилигида ҳоким ўринбосарлари, туман Ички ишлар бўлими масъуллари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ҳайдовчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ички ишлар вазири полковник Бахтияр Торебеков ўз сўзида бу борада профилактик тадбирларни янада кучайтириш, аҳолига, хусусан, ҳайдовчиларга қоидабузарликларнинг оқибатлари ҳақида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини таъкидлади. У, шунингдек, ҳар бир ташкилот, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари бу масалада бефарқ бўлмаслиги лозимлигини қайд этди.
Туман ҳокими Собир Хўжаметов эса ўз нутқида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида оилалар оғир фожиаларга учраётгани, айрим ҳолларда бутун оиланинг пароканда бўлиши, фарзандларнинг етим қолиши каби аянчли ҳолатлар юз бераётганини афсус билан тилга олди. У йўл ҳаракати маданиятини юксалтириш, ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатларини акс эттирган видеоролик ҳамда тақдимот намойиш этилди. Унда ҳаётдан олинган мисоллар орқали йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик қандай оғир оқибатларга олиб келиши кўрсатилди. Бу эса йиғилиш иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Тадбир якунида тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, туманда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни кучайтириш, бу борада аҳоли ўртасида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб бориш, йўллардаги носозликларни бартараф этиш ҳамда йўл белгиларининг тўғри ўрнатилиши бўйича тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Йиғилиш иштирокчилари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш – бу нафақат ИИБ, балки ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир ҳайдовчининг фуқаролик бурчи экани тўғрисида якдил фикрга келишди.
Шубҳасиз, йўл – бу ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли. Бу йўлда ҳар бир қадам эҳтиёткорлик, ҳар бир ҳаракат масъулият билан ўлчанмоғи лозим. Автомобиль рулига ўтирган инсон ўз ҳаётини эмас, бошқаларнинг ҳам тақдирини бошқараётганини унутмаслиги керак. Чунки биргина бепарволик – бир умрнинг хазон бўлишига олиб келиши мумкин.
Бу каби учрашувлар, профилактик тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, йўл ҳаракати маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти – бебаҳо қадрият, ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда буни чуқур англаб етиши зарур.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶