Дала четлари — қўшимча даромад манбаи: туман фермерларининг тажрибаси Қорақалпоғистон миқёсида оммалаштирилмоқда
Ер — бебаҳо хазина, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш тўкинликни ва фаровонлигини таъминловчи бош омилдир. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, боғ қатор оралари ва дала четларини бўш қолдирмаслик бугунги кунда замон талабига айланган.
Шу мақсадда 22 апрель куни Амударё туманидаги Оқ олтин овули ҳудудида жойлашган «Манғит боғбони» фермер хўжалиги даласида кўргазмали семинар ташкил этилди. «Боғ қатор ораси ҳамда дала четларидан самарали фойдаланиш илғор тажрибаларини қишлоқ хўжалиги корхоналари орасида тарғиб қилиш» мавзусида ўтказилган тадбирда соҳа мутасаддилари, Амударё тумани фермерлари кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Агроинспекциянинг туман бўлими вакиллари иштирок этишди. 14 та тумандан ташриф буюрган фермерлар кенгаши агрономлари ва боғдорчилик хўжаликлари раҳбарлари учун бу учрашув тажриба алмашиш ва янги билимларни эгаллаш майдонига айланди.
Семинар давомида Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг бўлим бошлиғи Меҳриддин Муҳаммадиев, Қорақалпоғистон Фермерлар кенгаши раисининг ўринбосари Алланияз Ажимов ва бошқалар сўзга чиқиб бугунги кунда қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар, ер ва сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этиш жоизки, боғ қатор оралари ва дала четларини ўзлаштириш — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим бўғин ҳисобланади. Илғор тажрибалар ва илмий хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, тўғри ташкил этилган агротехник тадбирлар ҳисобига умумий ҳосилдорликни 10-15 фоизгача ошириш ва қўшимча маҳсулот етиштириш имконияти мавжуд. Бу эса фермер ва деҳқон учун ҳам иқтисодий барқарорликка эришиш демакдир.
Бугунги кунда Амударё туманидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 1096 гектар майдонда мевали боғлар мавжуд бўлиб, шундан 761 гектари ҳосилли боғлар бўлса, 335 гектарини янги барпо этилган майдонлар ташкил этади. Жорий йилга белгиланган режага кўра 60 гектар майдонда интенсив мевали боғлар ва 20 гектарда янги узумзорлар барпо этиш кўзда тутилган. Соҳага берилаётган эътибор натижасида туманда боғдорчиликка қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Энг муҳими, Ёшлар ишлари агентлиги ва Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида боғларда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш тизими йўлга қўйилгани ижтимоий масалалар ечимида ҳам қўл келмоқда.
Маълумки, боғ қатор ораларига экин экиш — мевали дарахтлар тўлиқ ҳосилга киргунга қадар ердан максимал фойдаланишнинг энг самарали усулидир. Янги барпо этилган 3-4 йиллик боғларда помидор, бодринг, сабзи, картошка ёки дуккакли экинлардан мош ва нўхат етиштириш тупроқ унумдорлигини ошириш билан бирга қўшимча даромад келтиради. Интенсив боғларда эса техника ҳаракатига халақит бермайдиган, ўсув даври қисқа бўлган пиёз ва саримсоқ каби экинларни «тўқсонбости» усулида экиш тавсия этилади. Бунда энг муҳим шарт — экилган маҳсулот асосий дарахтнинг илдиз тизими ва озуқасига шерик бўлмаслиги, суғориш ва ишлов бериш жараёнларига тўсқинлик қилмаслигидир.
Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги қарорига мувофиқ, эндиликда дала четлари, аҳоли томорқалари ва ҳатто кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ерларда маҳсулот етиштириш тартиби белгиланди. Давлат томонидан бундай ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ички фитосанитария сертификати бепул берилиши, шунингдек, «ин-витро» усулида етиштирилган кўчатлар харажатининг бир қисми субсидия сифатида қоплаб берилиши фермерлар ва деҳқонлар учун катта рағбатдир. Ўз навбатида ерга бўлган масъулият ҳам шунга яраша кучайтирилди. 2026 йилдан бошлаб дала четларига белгиланган муддатда экин экилмаса, ер ижарачисига нисбатан маъмурий жавобгарлик ва солиқ ставкаларининг 3 баравар оширилиши каби чоралар кўзда тутилган.
Дала четлари ва зовурлар атрофига экспортбоп олча, беҳи, бодом, узум ва терак кўчатларини экиш нафақат иқтисодий фойда, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди. Дарахтлар тупроқни шамол эрозиясидан ҳимоя қилади ва ернинг шўрланишини камайтиради. Хулоса қилиб айтганда, боғ қатор оралари ва дала четларига мақбул экинларни экиш — бу шунчаки мажбурият эмас, балки замонавий қишлоқ хўжалигининг даромад келтирувчи асосий манбаидир.
Бугун Амударё далаларида амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар эртанги тўкинлик ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади. Зеро, ер — унга меҳр берганни, унинг ҳар бир қаричини қадрлаганни ҳеч қачон ризқсиз қолдирмайди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶