Миллийлигимизга мутлақо зид
Ёз фаслининг гашти ўзгача. Бири биридан тотли турфа мевалар ғарқ пишиб, дастурхонимизни безайди, одамлар енгил кийимларда мазза қилиб юришади.
Ҳозир кўчаларни кузатсангиз, бири-биридан чиройли кийинган одамларни кўрасиз. Бироқ баъзи қизлар атрофидагиларнинг эътиборини тортиш учунми, ё бошқалардан ажралиб туриш учунми, ўта калта, юпқа, елкаларини очиб, енг ўрнига боғич қўйилган кўйлаклар кийишга ўтиб кетишди. Уларни кузата туриб ўйланиб қоласан одам, кўйлаги шу ҳолда, сочини аллақандай сариқ рангга бўяб, бежаниб олгани билан чет эллик қизларга айланиб қолаяптими? Ахир улар андоза олаётган ғарб киноларидаги қаҳрамонларсифат кийиниш бизнинг миллийлигимизга мутлақо зид эмасми? Кўр-кўрона кино қаҳрамонлари кийиниши, юриш-туришига тақлид қилиш атрофидаги одамлар наздида қанчалик хунук кўринишини афсуски, улар ўзлари англашмайди.
Бизнинг халқимизнинг асрлар давомида шаклланган кийиниш, жамоат жойларида ўзини тутиш, одамлар билан муомала маданияти борки, биз ёшлар уларни қанчалик кўп ўргансак, амал қилсак, турмушимиз файзли, обрўйимиз юқори бўлади. Чунки булар – соф инсоний фазилатларни ўз ичига олгандир.
Айни кунларда ёшларимизнинг бир-бирига қўлини кўтариб ё бошини уриштириб саломлашаётганини, "қалай” дейиш билан (қалайсан ҳам эмас) чекланиб қўяётганини кўриб, одамнинг ғазаби келади. Бу меҳрсизликми? Ё кўр-кўрона чет эл кинолари қаҳрамонларига тақлидми?
Миллийлигимизга мутлақо зид бунингдек одатларга ружу қўяётган тенгдошларимиз сафи саноқли бўлса-да ачинарли. Шундай эмасми? Сизлар нима дейсизлар, азиз ёшлар?
Мунира ЖУМАБОЕВА, 3-сонли Амударё академик лицейи ўқувчиси.
(Фото - http://navoiypress.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶