Пахтачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги кооперативлари раҳбарларига Э С Л А Т М А
Ҳурматли қишлоқ хўжалиги кооперативлари раҳбарлари!
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларни ривожлантириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қишлоқ хўжалиги кооперативларига фаолиятини самарали ташкил этиш учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилди.
Жумладан, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни билан кооперативлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши, сақлаши, қайта ишлаши ва реализация қилиши, шартномалар тузиши, кооператив аъзоси томонидан пай бадали сифатида киритилган мол-мулкни сотиб олиши, ҳадя қилиши, лизингга ёки ижарага олиши, сотиши, гаровга қўйиш ҳуқуқларидан фойдаланиши, шунингдек, шартнома мажбуриятларни бажариши, солиқлар ва йиғимларни тўлаши, молиявий ва статистик ҳисоботларни юритиш ва тақдим этиш мажбуриятларига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 июлдаги ПФ-103-сонли “Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, республиканинг барча ҳудудларида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперативлари ташкил этишга рухсат берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сон Фармони билан Ўзбекистон фермерлари кенгашига қишлоқ хўжалиги кооперативларининг манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги ПФ-7-сонли “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан пахта хом ашёсини ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, Биржада сотган хўжаликларга шаклланган ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Ажратиладиган кредитлар ҳисобидан пахта хом ашёсини сақлаш ва бирламчи (тегирмон усулида) қайта ишлаш хизматларини ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олиш имконияти яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 680-сон қарори билан тасдиқланган “Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, кооперативларга аъзо бўлган фермер хўжаликлари томонидан пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатлари учун имтиёзли кредитлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги пахтачилик кооперативлари қуйидаги кечиктириб бўлмас вазифаларни ҳам бажариш лозим бўлади.
Биринчидан, пахта даласини теримга тайёрлаш, пахта ҳосилини тўлиқ очилиши чораларини кўриш ҳамда терим машиналари ва тиркамаларни шай ҳолатга келтириш;
Иккинчидан, пахта хомашёсини қабул қилиш билан шуғулланувчи ходимларини электрон тарози ва “Ҳосил қабули” ахборот тизими билан ишлашга ўргатиш ҳамда электрон тарози орқали тўғри расмийлаштириш ва кунлик ҳисоботларда маълумотларни тўғри акс эттириш;
Учинчидан, кооперативларнинг қабул масканларида ўрнатилган кузатув камераларини, дастурий таъминотини, интернет ва қувват манбаларини узлуксиз ишлашини ташкил этиш;
Тўртинчидан, пахта хомашёси йиғим-терими ва якуний ҳисоб-китоби харажатларини молиялаштиришда спот шартномасида белгиланган нарх эълон қилинган нархдан паст бўлганда, молиялаштириш спот шартномасида белгиланган нарх бўйича амалга ошириш;
Бешинчидан, кооперативлар фақат пахта хомашёсини сақлаш ва қайта ишлаб бериши ва биржа савдоларида ички истеъмолчиларга сотиши, бунда пахта хомашёсини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмаслигини инобатга олиш;
Олтинчидан, пахтанинг сифати ва нархининг пасайишини олдини олиш, ёмғирли кунларда кечиктирмасдан териб олиш, теримчиларни фаол жалб этиб, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериши;
Еттинчидан, кооперативга аъзо бўлган фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китобларни ўз вақтида тўғри амалга ошириш, уларга моддий зарар етказмаслик, фермерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этишингизни сўраймиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶