ШИДДАТЛИ ЗАМОНАГА МОС ИШЛАШ – ДАВР ТАЛАБИ
Мен 40 йилдан зиёд матбуот соҳасида меҳнат қилиб, нафақага чиқдим. Ҳозир ҳам мамлакатимиз марказий нашрларини, туманимиз газеталарини мунтазам ўқиб бораман.
Матбуотда ёритилган муҳтарам Юртбошимиз И.Каримовнинг шу йилнинг 26 ноябрида бўлиб ўтган халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган маърузаси матнини ҳам диққат ва эътибор билан ўқиб чиқиб, жуда таъсирландим.
Наманган азал-азалдан ери унумдор, одамлари меҳнаткашлиги, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари билан мамлакатимизда ўз ўрни ва мавқеига эга вилоят ҳисобланади. Юксак меъморий услубда қурилган шинам ва кўркам маркази гул шаҳри, дея таърифланиши ҳам бежиз эмас. Бироқ бугунги тезкор тараққиёт даври эришилган кўрсаткичларга ҳаволанмасдан, замон билан ҳамнафас қадам ташлашни, аграр, саноат, хизмат кўрсатиш ва барча соҳаларни ҳам комплекс ривожлантириш йўлидан дадил одимлашни ва пировардида халқнинг турмуши сифатини изчил ошириб боришни тақозо этади.
Маърузада бу борада Наманган вилоятида йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, ҳаққоний баҳо берилганлиги мени жуда таъсирлантирди. Юртбошимизнинг 2015 йилда касб-ҳунар коллежларини битириб чиққан наманганлик ўғил-қизларнинг 17 фоиздан зиёди коллеж ва корхона ҳамкорлик тизими бўйича ҳалигача иш билан таъминланмаганлигига жавобан мамлакатимиздаги бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қарата: "билиб қўйинглар, ўрта махсус ва олий ўқув юртларини битириб ҳаётга йўлланма олган ёшларимизни замонавий иш билан таъминламасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиш – бу кечириб бўлмайдиган хато, ёш авлодимизга нисбатан хиёнатдир. Ҳар қайси ҳокимнинг фаолиятига, биринчи навбатда, у бошқараётган ҳудудда бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилганига қараб баҳо бериш лозимлигини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир”, - деган сўзлари нафақат раҳбар ходимлар, балки, ҳаммамизда ёш авлод келажагига масъуллик ҳиссини ўйғотади.
Маъруза билан батафсил танишиш ҳар бир кишини ўз фаолиятини мушоҳада қилиб кўриб, касбига, лавозимига янада теран нигоҳ билан қарашга, тезкор замонамизга хос ишлашга ундайди. Ҳа, маърузадан ҳар бир фуқаро тегишли хулоса чиқариб олмоғи лозим.
Саъдулла ХЎЖАНИЁЗОВ, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶