ФАРЗАНД - ҲАЁТ ГУЛИ
Фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Ҳар бир инсон фарзандли бўлар экан, бу неъматни ато этган Аллоҳга беҳисоб ва ададсиз шукроналар айтади. Ота-она бўлиш ҳар инсонга қанчалик бахтиёрлик олиб келса, шунчалик масъулиятни ҳам юклайди. Чунки фарзандини одобли, яхши ахлоқли, илмли, ҳунарли, инсонларнинг ва жамиятнинг бирор корига ярайдиган қилиб тарбиялаш ота-онадан улкан меҳнат ва машаққатни талаб этади. Ҳадиси шарифларда: "Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхши нарса қолдиролмайди”, дейилади (Имом Термизий). Демак, фарзанд неъматининг шукри унга яхши одоб, таьлим-тарбия бериш билан адо этилар экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз: "Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг", дедилар. Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва устози шерик бўлади. Ёмонликка ўргатилса ҳам ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва устози шерик бўлади. Демак, фарзандларга яхши ахлоқларни ўргатмоқ, уни ёмон балолардан сақламоқ, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмаслик, зеб-у зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмаслик жоиз. Токи катта бўлганида зеб-у зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.
Ота-она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак бўлади. Қадим-да бир киши фарзандли бўлганидан сўнг, бир олимнинг олдига бориб, боласига қандай тарбия бериш ҳусусида маслаҳатлашибди. Олим: "Фарзандингиз қачон туғилди?" деб сўрабди. У киши эса фарзанди уч ойлик бўлганини айтибди. Шунда олим: "Уч ойга кеч қолибсиз", деган экан. Ҳозирги замон олимлари эса боланинг тарбиясини ҳомила вақтидаёқ бошлаш кераклигини уқтирадилар. Ҳар қандай ишни эртага ёки индинга қолдириш мумкин, бироқ тарбияни бир сонияга ҳам, бир дақиқага ҳам кечиктириб бўлмайди. Фарзанд тарбияси кундалик ҳаётимизда биринчи ўринда турмоғи лозим. Зеро, фарзандларимиз бизнинг келажагимиз ва эртанги кунимиз ҳисобланади. Бугунги кунда бундай муҳим масала кўпчилигимизнинг ёдимиздан кўтарилгандек. Ҳаммамиз тирикчиликка ўралашиб, фарзандларимизга беэътибор бўлиб кетаётгандекмиз. Албатта, ҳар бир ота-она боласига яхши едириб, яхши ичиргиси, яхши кийинтиргиси, фарзанд учун яхши шароитлар яратиб бергиси келади ва шу йўлда эртаю кеч меҳнат қилади. Бироқ уларга яхши тарбия бериш ундан-да муҳимроқдир.
Тарбияга бўлган беэътиборлик, масъулиятсизлик қандай оқибатларга олиб келишини қуйидаги ҳикоя орқали айтиб ўтмоқчимиз.
Гуноҳкор бир ўғри йигитни дор тагига олиб келишди. Подшоҳ ўлими олдидан ундан охирги тилагини сўради. Йигит онасини кўрмоқчи эканлигини айтди. Онани дор тагига, ўғлининг олдига олиб келдилар.
- Онажон, - деди йигит, - оғзингизни очиб, тилингизни кўрсатсангиз, тилингиздан бир марта ўпсам, бошқа армоним қолмайди, - деди. Бечора онаси боламнинг охирги тилаги, деб оғзини очиб, тилини чиқариши билан йигит онасининг тилидан бир бўлагини узиб ташлади. Она додлаганча, оғзи қонга тўлди. Буни кўриб турган одамлар ўзи ўғрилик қилгани етмагандай, онасининг тилини узиб ташлаганидан ҳайратда, қотиб қолишди. Подшоҳ йигитдан бу қилмишлари сабабини сўради.
- Менинг дор тагига келиб қолишимга мана шу онам сабабчи, - деди йигит. - Агар биринчи марта ёшлигимда, қўшнимнинг тухумини ўғирлаб келганимда мени мақтамай, рағбатлантирмай, жазолаганда, бу ҳолга тушмас эдим. Бу дорга осилмас эдим. Чунки ўшанда мен ёш эдим ва онамнинг кўрсатган йўлидан юрар эдим. Афсуски, онам шу тили билан менга тўғри йўлни кўрсатмади.
Бу ерда: "отаси-чи?” деган савол туғилади. Албатта, ота бола тарбиясида асосий ўрин тутади, лекин ота боладаги баъзи ўзгаришлардан бехабар қолиши мумкин. Негаки, ота кўча одами, она эса доим боласи билан бирга бўлади. Яна бир томони борки, она отага нисбатан фарзандга яқинроқ бўлади. Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандларимизни мустаҳкам имон-эътиқод, чиройли хулқ-одоб, ақл эгалари қилиб тарбиялашимиз зарурдир. Бунда ота-оналар масъулияти жуда каттадир. Бундай тарбия динимиз таълимотларида фарзанд тарбиясининг энг устувор йўналишлари ҳисобланади. Зеро, ҳар бир ота-она учун фарзандларининг камоли, соф эътиқод, яхши одоб эгаллашлари ва илмда пешволик билан улғайишлари юксак мақсад ҳисобланади.
Ўктам ҚУРБОНИЁЗОВ,
"Нўғой эшон бобо" жомеъ масжиди имом-хатиби.
(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶