ЭНГ ТИНЧ-ТОТУВ ХАЛҚМИЗ!
Мустақилликка эришгач, ўз она тилимиз, муқаддас динимиз, эркимиз ва миллий қадриятларимиз тикланди. Юртбошимиз томонидан инсонийликни, яхшиликни тарғиб этувчи удумларимиз, миллий қадриятларимиз, тарихий обидаларимиз, азиз авлиёлар қадамжолари қайта тикланди. Мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Маҳаллаларнинг обод бўлаётгани, кишиларнинг бир тан-у бир жон бўлиб ободонлаштириш ва яратувчанликка ҳисса қўшаётгани дилни қувонтиради. Юртбошимизнинг "Ўзбекистон ёшлари - менинг фарзандларим”, деб меҳр кўрсатишлари ёшларимизга маънавий-руҳий мадад бўлиши билан бирга, шундай муқаддас Ватанимиз борлигига, осмонимиз тинч, турмушимиз фаровон, дастурхонимиз тўкинлигига дилимизда шукроналик туйғусини уйғотади.
Шу ўринда бир машҳур ривоятни эслатиб ўтмоқчимиз. Узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг пойабзали эскириб кетганидан нолиб: «шунақа ҳам ночор одам бўламанми?» дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланади. Шаҳар кўриниб, дарвозага яқинлашар экан, дарвоза тагида ўтган-кетганлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушади. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: «Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да», деб шукроналик йўлини тутади.
Азизлар, бу ривоятни келтиришимиздан мурод шуки, Ўзбекистон халқининг, бизнинг нолишимиз учун ҳеч қандай асос йўқ. Биз дунёда энг бахтли, тинч-тотув халқмиз, алҳамдулиллоҳ!
Ражаббой ҲАБИБУЛЛАЕВ,
"Ҳожи Эшон" жомеъ масжиди имом-хатиби.
(Фото - http://novza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶