Дунёдаги энг бахтли халқмиз
Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати аҳолисининг жисмоний ва маънавий соғломлиги билан белгиланади. Зеро, соғлом одамгина эзгу ишлар қилишга, бунёдкорлик ва яратувчанликка қодир.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган оқилона чора-тадбирлар бугун жаҳон миқёсида намуна сифатида эътироф этилмоқда.
Нафақат марказларда, балки чекка қишлоқларда ҳам қад ростлаган замонавий шифо масканларида бугунги кунда аҳолига замон талаблари даражасида сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Эндиликда беморнинг шифокорга мурожаат қилиши ва даволаниши учун аввалги пайтлардагидек туман марказидаги шифохонага қатнаб овора бўлишига ҳожат қолмади. Овул ёки маҳалланинг ўзида жойлашган шифо муассасасидаги умумий амалиёт шифокори касалликка тезкор равишда аниқ ташҳис қўйиб, беморга зарур тиббий тавсиялар бермоқда.
Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган салмоқли ютуқларининг энг муҳими ҳам оналар ва болалар соғлиги муҳофазасига катта эътибор қаратилганлигидир.
Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилган изчил ислоҳотлар самарасида "Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг янада кўтарилишига олиб келди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда аёлларнинг умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 75 ёшга узайгани, оналар ўлими 3,1 баробар, болалар ўлими 3,2 баробар камайгани, нуфузли халқаро ташкилот — "Save the Children” ("Болаларни асрайлик”) томонидан тузилган жаҳон рейтингида Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киргани бунинг ёрқин далилидир.
Соғликни сақлаш тизимида амалга оширилаётган бу каби ишларнинг асосида мустақилликнинг илк йилларида илгари сурилган "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган ҳаётий ғоя тургани бугун турмушимизда ўз исботини топмоқда.
Нуронийларимиз ҳар тонг дуога қўл очар экан, энг аввало "тани-жонимиз соғ, юртимиз тинч бўлсин”, дея тилак билдиришади. Дарҳақиқат, тани соғ, юрти тинч, кўнгли хотиржам халқ – дунёдаги энг бахтли халқдир. Назаримда, бундай бахт фақатгина бизга ато этилган!
Олимбой ҲАЛИМОВ,
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶