ЮРТБОШИМИЗ БИЛАН САМАРҚАНДДА ВИДОЛАШДИК
Ўзбекистон деган юртни бутунлай янгидан кашф қилган бебаҳо инсонни сўнгги манзилга кузатиш маросимида қатнашиб келдим. Ўз халқини юрагидан севиб, миллатини улуғлаб, миллийлигини ардоқлаб, ҳар бир кексани ўз ота-онасидек қадрлаб, ҳар бир ёшни ўз фарзандидек азиз билган, сўнгги нафасигача юртим, деб яшаган буюк инсон билан видолашиш жуда оғир бўлди.
Умри давомида ҳисобсиз эзгу ишларни амалга оширган, ҳар бир инсоннинг қалбида келажакка ишонч, орзу-умидлар уйғота олган инсондан айрилиш барчамиз учун оғир жудоликдир.
Самарқанд шаҳар аэрапортидан то Регистон майдонигача бўлган йўлнинг икки томонида одам гавжум эди. Кимдир ўз меҳрибон отасидан, кимдир энг яқин жигарбандидан, кимдир энг азиз қадрдонидан айрилган одам каби фиғон тортиб йиғлаётганининг гувоҳи бўлдим...
Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз ҳар биримиз учун меҳрибон ота, қадрдон дўст, доно йўлбошчи, маънавиятли устоз эдилар.
Буюк инсоннинг ўлимидан она табиат ҳам изтиробда эди, гўё. Ўша куни қуёш ҳам булутлар орасига беркинди.
Президентимиз байроғимизнинг ҳамиша юксакларда ҳилпирашини истар эдилар. Юртбошимизнинг ўлимини ҳатто кўчалардаги байроқлар ҳам ҳис қилгандек, ерга эгилган...
Мотам маросимида қатнашиб, қалбим тўла ғам, кўзим тўла ёш билан иш жойим - академик лицейга келдим. "Хотира дарси”да қатнашган барча ўқувчилар кўзида ёш билан қарши олдилар. Уларга юпатувчи сўз айтишга чоғландим. Афсус, кўзимдаги ёш, бўғзимдаги дард, юрагимдаги ғам халал берди.
Азиз Юртбошимизнинг "Биз буюк юрт фарзандларимиз!”, "Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!”, "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз!”, "Мен азиз фарзандларимга ишонаман!” деган сўзлари ҳамиша қулоғимизда жаранглаб туради. Шундай буюк инсонни ҳаётлигида икки марта кўриш бахтига эришганимдан ҳамиша фахрланиб юраман. Юзида нур балқиб турганига лол қолганман. Қараган одам яна бир қарасам, дер эди. Юз минглаб юртдошларининг елкасида қалқиб бораётган тобутини кўрганимдаги ҳолатимни баён қилиб бера олмайман. Президентимизнинг нурли сиймоси ҳамиша кўз ўнгимизда, порлоқ хотираси юрагимизда яшайди!
Отабек ЙЎЛДОШОВ,
Амударё академик лицейи директори,
Қорақалпоғистон
Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶