АЛЛОМАНИНГ ДОНОЛИГИ
Халқимиз орасида қадимда Имом-Бухорий, Беруний, Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Ибн Сино каби буюк алломалар етишиб чиқди. Улар ўз даврининг одамларидан ўта зийраклиги, донолиги, ақли билан ажралиб туришган. Уларнинг яратган асарлари бизнинг энг катта маънавий меросимиздир. Ўз ақл-у идроки билан танилиб, асрлар ўтса-да авлодлар хотирасида сақланиб келаётган мана шундай алломалардан бири Абу Али ибн Синодир. У табобат борасида "Тиб қонунлари” асарини яратиб, тани сиҳатликка оид кўпгина маълумотлар ёзиб қолдирган. Ибн Сино моҳир табиб бўлганлигини кўпчилигимиз биламиз. Яқинда бир ривоятни ўқиб қолдим. Ибн Сино ҳар куни беморларни қабул қилаётиб навбат бир йигитга етиб келганида уни четлаб ўтар экан. Кунлардан бир кун йигитнинг онаси у ётган тўшак ёнига бир коса қатиқ қўйиб, ўз юмушлари билан банд бўлибди. Йигит косадаги қатиққа тикилиб ётса, шифтдан бир илон тушиб, қатиққа заҳрини сочибди. Жонидан тўйган йигит алам билан косадаги заҳарланган қатиқни жон-жаҳди билан ичиб юборибди. Аммо бироз ўтмай, ўзини яхши сеза бошлабди. Соат ўтгани сайин у соғайибди. Эртасига анча ўзига келиб, яна Ибн Сино қабулига борибди. Бу сафар ҳам табиб уни четлаб ўтибди. Ажабланган йигит унга эътироз билдирибди. Шунда аллома:
- Сиз кеча ва авваллари келганингизда дардингизга даво йўқ эди. Шунинг учун сизни кўрмагандим. Чунки мен сизга тўшак ёнига қатиқ қўйиш, унга илон заҳар солиши, бу қатиқни сиз ичишингиз кераклигини айта олмас эдим-да. Аммо тақдир сизга бу иноятни етказди. Энди сизга табибнинг кераги йўқ. Сиз мутлақо соғсиз. Бугун шунинг учун сизни четлаб ўтдим, – дебди.
Бу ривоятда Абу Али ибн Синонинг нақадар моҳир, зийрак ва доно табиб эканлиги ўз аксини топган. Мана шундай алломалар яшаб ўтган юртнинг ворислари ҳам зукко, зийрак, билимли бўлишлари шарт.
Севара ИСМОИЛОВА,
Амударё академик лицейи ўқувчиси.
(Фото - http://xabardor.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶