ҲАР БИР ОИЛА БАХТЛИ ЯШАШГА ҲАҚЛИ
Бизнинг давлатимизда азал-азалдан оилаларга алоҳида эътибор бериб келинган. Чунки оилалар мустаҳкам бўлса, юртимизда тинчлик ва осойишталик хукм суради. Оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларда маҳаллаларнинг ўрни беқиёсдир. Боиси, маҳаллалар таркибида оилалар истиқомат қилиб, уларнинг яшаш тарзи, қизиқишлари, касб-корлари, ва ҳаёти билан боғлиқ муаммолари маҳалла фуқаролар йиғинларининг доимий диққат-эътиборидадир.
Бизнинг "Янгиобод” маҳалламизда бугунги кунда 935 та оила мавжуд. Биз диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамда профилактика нозири билан биргаликда ҳар куни уларнинг хонадонларида бўлиб, суҳбатлар ўтказиб бормоқдамиз. Айниқса, ёш оилаларнинг ахил ва иноқ бўлиб яшашини таъминлаш мақсадида оилаларда низолар вужудга келишининг олдини олишга, ноқобил ва нотинч оилалар, ажримлар сонини камайтиришга харакат қилмоқдамиз. Шу сабабли иш кунларимиз оилаларнинг турмушидаги муаммоларини ўрганишдан бошланади. Энг қувонарлиси шундаки, биз кириб борган хонадонлар аъзолари билан тил топишиб, тобора уларнинг яқин сирдоши ва дўстига айланиб бормоқдамиз.
Кўпинча оилалар ўртасидаги низоларни бартараф қилишга борганимизда бу низолар арзимас сабабларга кўра ёки ўзаро бир-бировни тушунмаслик туфайли келиб чиқаётганига гувоҳ бўламиз. Яқинда шундай ҳодисага дуч келдик. Иккита ёш оила ажралиш арафасида турарди. Таҳлил қилиб кўрганимизда, ажралишга жўяли сабабнинг ўзи йўқ. Биз бу оилалар билан Яраштириш комиссияси орқали ишладик. Бу комиссиянинг таркибида тажрибали онахонлар, фаол аёлларимиз борлиги жуда қўл келди. Ёшларга ўз турмуш тажрибаларидан келиб чиқиб, маслаҳатлар беришди. Уларнинг яқинлари ва ота-оналари билан ўтказган суҳбатларимиздан кейин бу оилалар ўзаро ярашдилар. Биз ажралиш арафасида турган оилаларни сақлаб, бегуноҳ фарзандларни тирик етим бўлишдан асраганимиз учун жуда хурсанд бўлдик.
Маҳалламизда ФҲДЁ бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан ёшлар ўртасидаги эрта никоҳнинг олдини олиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарарлари, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик жамиятимиздаги энг ёмон иллат эканлиги ҳақидаги суҳбатлар чоғидаги мазмунли маърузалар ўзининг самарасини бермоқда.
Биз маҳалламизда бундан ҳам кўпроқ ишларни амалга ошириш, ҳудудимизда доимо тинчлик ва осойишталик бўлиши учун бор куч ва ғайратимизни аямаймиз.
Зебогул РАЖАБОВА,
"Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
(Фото - http://huquqburch.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶