Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги олдидан
ДОИМО FАМХЎР ЭДИ
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов қорақалпоқ халқининг, адибларининг доимий ҳомийси ва ғамхўри эди. Унинг назаридан ёзувчи аҳли четда қолмасди. Қорақалпоғистонга чорак асрдан зиёд раҳбарлик қилган давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камолов "Ел хизметинде” (Нукус – 1995) ёднома китобида бу ҳақда қуйидагича ёзади: "У Қорақалпоғистонда фақат халқ хўжалигининг ривожланишигагина эмас, адабиёт ва маданиятнинг тараққий этишига ҳам катта эътибор қаратди. Ҳар келганида Тиловберган Жумамуродов, Жўлмирза Оймирзаев, Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қайипбергенов ва бошқа адибларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ижод маҳсулларининг ўзбек ва рус тилларида нашр этилишига ёрдам қиларди” (26-бет). Бу ҳақда собиқ Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасида тарғибот-ташвиқот бўйича котиб лавозимида ишлаган Камол Рзаев ҳам шундай ёзади. "Шароф Рашидов саломлашиб бўлганидан кейин дарҳол Жўлмирза Оймирзаев, Ибройим Юсупов, Тиловберган Жумамуродов, Тўлепберген Қайипбергенов, Хўжабек Сейтов тўғрисида сўрарди. "Улар яхши ишлаяптиларми? Ижодий режаларида қандай асарлар ёзиш бор, хабарингиз борми?” – дерди. Мен жавоб қайтарардим. "Ёзувчилар, санъат, маданият ходимлари, олимлар билан яқиндан ишлашиш керак. Уларнинг асарларини, ёзган илмий ишларини нашр қилдиришда ёрдам беринг. Москва, Ленинграддан таржимонлар топиб, уларнинг асарларини рус тилига таржима қилдириб, иттифоқ миқёсида ўқиладиган қилиб нашрдан чиқариш керак”, дея насиҳат қилди. "Қолаверса, зиёлилар орасида дўстликни, ҳамкорликда ишлашни яхшилаш керак, кечиримли бўлинг, жаҳл қилманг, ижодкор зиёлилар билан илиқ муносабатда бўлинг иним, ишларингизда муваффақиятлар тилайман” – деди хайрлашаётиб”.
Шароф Рашидовнинг тенгдоши, 1952-59 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган, 1954 йилдан бошлаб бу улуғ инсон билан дўстона алоқада бўлган, қорақалпоқ адабиётида ўз ўрнига эга марҳум Хўжабек Сейтов "Ел ығбалына жанған жулдуз сөнбейди” ("Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 150-сони, 3 сентябрь 1992 йил) мақоласида шундай ҳикоя қилади:
"Орадан икки йил ўтгандан кейин (1966 йил) Ўзбекистонда қорақалпоқ адабиёти ва санъати декадаси бошланди. Ўн кунлик иштирокчиларини Шароф Рашидов чин дилдан табриклади, бизнинг адабиётимиз ва миллий санъатимизнинг муваффақиятларини юқори баҳолади, Ўзбекистон ва бошқа қардош халқлар маданиятининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам қорақалпоқ адибларининг 26 атамадаги китоблари, шеърлар тўплами, романлари, қиссалари ўзбек ва рус тилларида чоп этилиб, қардош халқлар ўқувчиларининг китоб фондига қўшилди. Бизнинг маданиятимизнинг қай даражада ривожланганлиги, юксалганлиги матбуотда атрофлича тарғиб қилинди. "Қирқ қиз” достони рус ва ўзбек тилларига таржима қилиниб, нашр этилди. Бунга биродаримиз Шароф Рашидовнинг бевосита ёрдам қилганлигини биз яхши биламиз ва ҳеч қачон унутмаймиз”.
Шунингдек таниқли ёзувчи мазкур мақоласида Шароф Рашидов умрининг охирги кунларигача қорақалпоқ адабиётида қандай асарлар яратилаётганлиги тўғрисида ҳар учрашгани сайин сўраб турганлигини, билишга қизиққанлигини, уларнинг энг яхшиларини ўзбек, рус тилларида нашр қилдиришда (ўзининг "Тўлқин”, "Яйлов юлдузлари” шеърлар тўпламларининг, "Машаққатли бахт”, "Йўл бўйидаги тепага таъзим қил” романларини ўзбек ва рус тилларида таржима қилиниб чоп этилишида) ёрдамини аямаганлигини таъкидлаб ўтади.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповга Шароф Рашидовнинг ҳурмати жуда баланд эди. Шоир "Шарапатлы инсан” ("Еркин Қарақалпақстан” газетаси. 185-сон, 3 ноябрь 1992 йил) мақоласида шундай ёзади:
"Бир куни Қаллибек Камолов олдига чақириб "Индинга Хоразм вилоятига иккинчи орден топширилади. Шароф Рашидов сизга салом айтди. Битта шеър бўлсин, деяпти. Қани саночнинг тубини қоқ...” – деди кулиб, менга шеър ёздирмоқчи бўлганида ҳар гал айтадиган иборасини такрорлаб. Айтилган куни ёшулли Нукусга келиб, Қаллибек Камолов, Норбой Эшмуродов, Ойим Камолова, Мирзабек Қалимбетов ва мени самолётда Урганчга олиб кетди. Вилоятга орден топшириш тантаналари Наримонов номли колхозда бўлди. Сабаби у пайтда Хоразмдаги энг катта клуб марҳум Искандар Дўсов бошчилик қилган шу машҳур колхоздагина бор экан. Тантанали вазиятда орден топширилди. Шунда ўқиган шеъримда ёшуллини завқлантирган ушбу сатрлар бор эди:
Томиримизда туғишганлик қонимиз бор қотишган,
Ота-бобомиз бир нон топса, бирга бўлиб тотишган.
Халқимиз бор бир дарёнинг икки бўйида,
"Ассалому алайкум!” деб, носвой сўраб отишган.
Хоразмдаги тантаналардан кейин самолётда Нукусга учиб келдик. Аэропортда у киши менга рағбат бериб, "Ҳали сиз билан кўп носвой отишамиз”, деб кулди. Ростдан-да шундай бўлди: бу шарофати улуғ инсоннинг ёш қорақалпоқ шоирига назари тушгани эди. У нурни ўзимнинг бутун умримда ҳалигача ҳис қиламан...”
Мазкур мақоласида атоқли шоир ўзининг Шароф Рашидовнинг топшириғи ва илҳомлантириши билан Кўҳна Урганчдаги "Большевик” (Ҳозирги Ашир Қақабаев номли) колхозида "Тўйларга улансин тўйи туркманнинг”, Нукус Давлат университетининг очилишида "Замон бир ажойиб замон бўлажак”, Қозоғистондаги ўзбек маданияти ҳафталиги кунларида "Қутлов” шеърларини ёзганлигини таъкидлаб ўтади.
Драматург Айладур Ўталиев "Үлкемиздиң уллы батыры” ("Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 85-сони, 16 июль 1996 йил) мақоласида Шароф Рашидовни қуйидагича хотирлайди:
"... Шароф Рашидов билан 20 дақиқача суҳбатлашдим. У менинг ижодий ишларим билан қизиқди. Мен шунда халқимизнинг қаҳрамони Эрназар Олакўз ҳақида тарихий драма ёзмоқчи эканлигимни, лекин баъзилар ёзмаслигим кераклигини, "Эрназар Олакўз ўзбекларга қарши чиққан” деганларини айтганимда Шароф оға: "Бу гап нотўғри, мен қарақалпоқларнинг тарихи билан танишман, Эрназар Олакўз ҳеч бир халққа қарши бормаган, у хон тузумига қарши чиққан киши. Сиз ёзинг, ишланг, менга айтадиган гапларингизни Қаллибек Камоловга айтинг. Ёрдам қилади. Қўнғироқ қиламан”, деди. Айтганидек Қаллибек оға Камолов менга ёрдам қилиб, ишлашимга имконият туғдирди. Мана шу инсонларнинг шарофати орқасида "Эрназар Олакўз” трагедияси ёзилди. Режиссёр Қувватбой Абдураймов саҳналаштирган трагедияни тошкентликлар ҳам томошалади”.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг қорақалпоқ ёзувчиларига дои-мо ҳомийлик ва ғамхўрлик қилганлиги ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин. Лекин юқоридаги зикр этилганларнинг ўзиёқ у кишининг хайрли ишлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етади, деган умиддаман.
Жабборберган ШОМУРОДОВ,
Қўнғирот тумани.
«Тараққиёт кўзгуси» газетаси учун махсус
тайёрланган.
(Фото - http://anons.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶