Халқаро оила куни кенг нишонланди
Муҳтарам Биринчи Президентимиз "Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади”, деб таъкидлаган эдилар.
Ҳа, оила ҳаёт абадийлигини сақлайдиган, муқаддас урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдириб келаётган, шу асосда фарзандларнинг маънавиятини юксак қилиб тарбиялайдиган дорилфунундир.
Шу боисдан мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, унда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатлар ҳукмрон бўлишига эришиш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Шу йилнинг 15 май куни туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Нуроний” жамғармаси, туман Маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳамкорлигида Манғит истироҳат боғида 15 май – Халқаро оила кунига бағишланиб, "Оилангиз мустаҳкам бўлсин!” деб номланган тадбир ўтказилди.
Тадбирнинг асосий ғояси оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ўзаро меҳр-оқибатнинг ҳукмрон бўлишига эришишдир.
Тадбирга таклиф этилган ибратли оилалар вакиллари, меҳмонлар аввало "Баркамол авлод” болалар маркази ўқувчиларининг ижодий ишларидан намуналар, миллий ҳунармандлар, дурадгорлар, тикувчилар меҳнати маҳсули намойиш этилган кўргазма билан танишдилар.
Сўнгра карнай-сурнай садолари остида иштирокчилар Манғит истироҳат боғининг амфитеатрига таклиф этилди. Турли миллат вакилларидан иборат намунали оилалар аъзоларининг юртимизда оилалар фаровон ва бахтиёр яшаши учун яратилган шароитлар, тинчлик-осойишталигимизга шукроналик билан айтилган дил изҳорлари туман маданият ходимларининг мароқли концерт дастурига уланиб кетди.
Тадбир ҳар биримиз бағрида осойишта яшаб, орзу-умидларимиз рўёбга чиқадиган қутлуғ маскан – оила муқаддаслигини ифода этганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Муқаддас Бекназарова, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶