15.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
15.08.2026, 14:56
Жамият 👁 3,769

УМРНИНГ ОЙДИН МАНЗИЛЛАРИ

УМРНИНГ ОЙДИН МАНЗИЛЛАРИ

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият  ходими, "Баркамол авлод” болалар маркази директори, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Хонимжон Ражабова портретига чизгилар.

Хонимжон Ражабова. Бугун бу аёлни бутун Аму эли  яхши танийди. Манғит шаҳридан икки қадам нари ўтсангиз, опа билан танишлигингизни билган инсонлар дарҳол: "Опа яхши юрибдими?” деб қўйишади. Туманнинг олис қишлоқларида, Республикамиз туманларида, Нукус шаҳрида амударёлик бу тиниб-тинчимас аёлнинг номини эҳтиром билан тилга олгувчилар бисёр.

Халқимизда яхши бир ҳикмат бор: "бўладиган бола бошидан маълум”, дейишади. Назаримда бошланғич синфдалигидаёқ устозларини ҳайрон қолдириб Абдулла Орипов, Пушкин, Есенин шеърларини ёд айтгувчи, Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар”ини сатрма-сатр, адашмай сўзлаб бергувчи, Навоий ва Фузулийдан, Бобур-у Фурқатдан байтлар айтиб, ўзи таҳсил олган мактабнинг "маликаси”га айланган Хонимжон Ражабова то умумтаълим мактабини тугатгунга қадар ўз келажаги учун мустаҳкам тамал тошини қўйиб улгурган эди. Ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультети талабаси бўлган куни Хонимжон Ражабова ҳаётининг энг нурли саҳифаси очилган бўлса, не ажаб!

– Гуруҳимизда, назаримда, ҳамма билимдон эди, – мамнуният ва эҳтиром билан эслайди опанинг курсдош дўсти, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Ҳақиқатни айтиш керак, Хонимжон ҳаммамиздан аълочи эди. Пахта йиғим-терими даврида ҳашарга чиқардик. Йўл танобини баҳр-у байтлар айтиш базми билан тортардик. Хоним ҳаммани ютарди. Агар у илм йўлини танлаганидами, ўз соҳасининг энг билимдони, олими бўларди. Чунки Хонимнинг хотираси жуда кучли эди. Одамларни орқасидан эргаштира олиш, ташкилотчилик қобилияти қошида ҳаммамиз тан берардик.

Назаримда опанинг ана шу фазилатлари уни ҳақиқий  юрт фарзанди, шахс сифатида шакллантирди. Уддабурон, қалами ўткир  журналист, ташкилотчи раҳбар, давлат ва жамоат арбоби, булардан ҳам муҳимроғи, бахтиёр оила соҳибаси, давлатманд она мақомига етказди.

1979 йилда Университетни журналист мутахассислиги бўйича тугатиб, Амударё туманининг ижтимоий-сиёсий газетаси – "Амударё ҳақиқати” таҳририятида илк иш фаолиятини бошлаган Хонимжон Ражабова қисқа фурсат ичида нафақат қалами, фикри ўткир журналист, балки ташкилотчи ходим сифатида жамоа ва эл-юрт эътиборини қозонди, оддий мухбирликдан бўлим мудири, масъул котиб, 1992 йилда эса газета муҳаррирлигигача бўлган машаққатли, айни пайтда шарафли, синовларга тўла ҳаёт йўлини босиб ўтди. Аёл сифатида, аввало она, рафиқа, ёш оила бекаси бўлишдек хайрли ташвишлар билан яшаб, "Амударё ҳақиқати” газетасини бозор муносабатларига ўтиш жараёни чиғириқларидан даврийлигини сақлаган ҳолда олиб ўта олди.

Опани ҳаёт жуда кўп синади: бири-биридан мурғак 6 нафар фарзандининг бирини елкалаб, бирини етаклаб таҳририятга ҳаммадан олдин ишга келарди. Бир-бирларига овунчоқ бўлиб таҳририятда, ижодий жараёнларга  ошно бўлиб улғайган фарзандлари оғушида ижод этди у!

Мен баъзан касбга фидойилик ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр кўз олдимга опанинг ижод дамларига машғул кечган  умр йўллари кўз олдимда гавдаланади: мустақилликнинг илк йилларида туман газеталари маблағ, қоғоз етишмовчилиги муаммоси туфайли ўз даврийлигини сақлайолмай, ойига аранг 1 марта чоп этилиб турганида  Х.Ражабова муҳаррирлигидаги "Амударё ҳақиқати” газетаси ҳар ҳафтада 1-2 марта чоп этилиб, ўз обуначиларига етиб борди.

Баланд бўйли, қадди-қомати келишган, кўпларнинг эътироф этишларича, Барчин келбатли, Тўмарис сийратли, истараси иссиқ опанинг режалари, орзу-интилишлари ҳеч қачон халқдан, севимли жамоасидан алоҳида бўлган эмас. Фақат туман газетаси таҳририяти учун елиб-югуриб қилган фидойи хизматларининг ўзи бир китоб бўлгулик.

Мустақилликнинг илк йилларида "Амударё ҳақиқати” газетасининг даврийлигини сақлаш мақсадида туман бўйлаб "Сени улуғлаймиз, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида адабий-мусиқий пуллик тадбирнинг ўтказилиши, бу тадбирларда минглаб саховатпеша, маънавият фидойиси бўлган инсонларнинг иштироки, ҳатто қийин бир шароитда, 1994 йилда газетанинг 60 йиллик юбилейини тантанали тарзда ўтказиш, шу йили (Аллоҳ раҳмат қилсин) Қорақалпоғистон Республикасининг ўша пайтдаги Вазирлар Кенгаши раиси Ражаббой Йўлдашевнинг беғараз ёрдами, шахсан опанинг ташаббускорлиги туфайли таҳририятнинг икки қаватли, замонавий бинога кўчиб ўтиши, назаримда, опанинг катта жасорати эди.

Баъзан ўйлаб қоламан: Барчин момомиз, Тўмарис момомиз ўз замонасига оид мушкулотларни ҳал этиш учун эркаклар билан баҳс бойлашиб, жанг майдонларида, куч-қудрат синовларида от суриб, қилич ўйнатиб жасорат кўрсатганлар. Бизнинг Барчин келбатли, Тўмарис сийратли опамиз эса маънавият ва маърифат дунёси аро чарх уриб, маънавиятнинг кескир қиличи билан жамиятимизга ёт иллатларга қарши курашди. У севимли халқи қалбига маънавият нурларини йўғирди, муаммоларига елка тутди. Айрим манфаатпараст кимсаларга ўхшаб оғирнинг устида, енгилнинг остида турмоққа интилмади. Балки ўт келса ўчирди, сув келса, симирди, тош келса, кемирди у! У шу тариқа Аму элининг суюкли, забардаст, қалби қайноқ қизига айланди ва ана шу халққа сингиди!

1995 йилнинг 2 мартида матбуотда эълон қилинган "Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Хонимжон Ражабова хаётида янги саҳифа очди. Ушбу Фармонга мувофиқ Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари – хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими жорий этилди. Амударё туман хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига энг муносиб номзод, сўзсиз, Хонимжон Ражабова эди. Хотин-қизлар билан ишлашиш, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг уюшмаган қатлами орасида ишсизлик билан  боғлиқ муаммолар бўйича шуғулланиш – опанинг ҳар куни тонгдан шомга қадар давом этадиган иш кунларининг мазмун-моҳиятига, асосига айланди.

Э-ҳе, қанчалаб тунларни бедор ўтказди у! Қанчалаб йўл юрди, гоҳ яёв, гоҳ йўловчи машиналарда туманнинг у чети билан бу чеккасига, халқ орасига кириб борди. Унинг қадами етмаган овул ёки  маҳалла, ҳеч бўлмаса, унинг номи билан боғлиқ эзгу бир сўз кириб бормаган хонадон қолмади ҳисоб. Мен унинг ҳузурига минг битта қайғу залворидан мунғайиб кирган одамларнинг қувонч билан  чиқиб кетаётганларига  кўп бора гувоҳ бўлганман. Турмуш чорраҳалари аро қадлари букилиб, бошини қай эшикка урарини билмай, гарангсиб қолган инсонларнинг ҳаёти изга тушиб, кейинчалик опага тутинган ўғил ёки опа-сингилдай қадрдон бўлиб кетган инсонларни биламан. Бирининг камини тўлдиргани, турмушига рўшнолик олиб киргани учун, бирига она ўрнида оналик қилиб уйлантириб қўйгани учун, яна бирларининг бошларини силаб, сепларини бадастир қилиб турмушга узатгани учун опадан бир умр миннатдор улар. Улар ким? Уларнинг барчаси опанинг жонларига туташ жигарбандлари каби азиз халқи – жонажон Аму эли!

Хонимжон Ражабова ҳаётида 2007 йил алоҳида эслашга муносиб хотиралар билан қадрли.

Шу йили Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан миллатлараро тотувлик, хотин-қизлар ўртасида байналмилал тарбия, дўстлик ва тинчликни кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб Дўстлик форуми ўтказилди. Мазкур форум иштирокчиларига Қорақалпоғистон Республикаси номидан Амударё тумани мезбонлик қилди. Манғит шаҳрининг "Вахум” мавзесидаги  болалар ва ўсмирлар спорт  мажмуасида бўлиб ўтган Дўстлик форуми амударёлик хотин-қизлар  ва халқимиз учун чинаккам дўстлик байрамига айланиб кетди.

Халқ бу самимий, бағрикенг аёлни ўз қизидай, опаси ёки синглисидай яхши кўриб қолди. Опанинг беғараз хизматлари қошида чин дилдан таъзим қилиб, дил сўзлари битилган юзлаб мактублар қатида нафақат эл-юрт розилиги, балки ўз фидойи фарзандига нисбатан чексиз меҳр-муҳаббат ила боғланган узилмас ришталар бор.

Ҳамиша халққа интилиб, ўз она элига сингиб кетган опа бугун умрининг энг чароғон, фараҳли манзилига етдилар. Умр йўлдоши – узоқ йиллар Амударё туман мелиорация ва сув хўжалиги соҳасининг ривожига  катта ҳисса қўшган муҳандис-мелиоратор Сафарбой оға Ўрозалиев билан 6 нафар фарзандини олий маълумотли мутахассислар қилиб элга қўшди. Бири-биридан одоб-икромли келинлари, 11 нафар неваралари, жондан азиз фарзандлари даврасида очилиб-сочилиб ўтирган опани кўрсангиз, дилингизда ҳавас уйғонади.

Умрининг 17 йилини матбуот соҳасига, салкам 18 йилини Амударё туман хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилишдек масъулиятли вазифани адо этишга бағишлаган Хонимжон Ражабованинг фидойи хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 1994 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими юксак унвони билан тақдирланди. Мустақилликнинг 15 йиллиги кўкрак нишони, қатор Вазирликларнинг Фахрий ёрлиқлари опанинг оила альбомини безаб турибди.

– Мен ўзим яхши кўрган халқдан айро яшашни тасаввур ҳам қилолмайман, – дейди опа самимият билан. – Айниқса, меҳнат онлари кучимга-куч қўшади. Меҳнат қилмаслик – даҳшат. Ана шундан асрасин...

Опанинг суҳбатлари, сўзлари ширин, ҳикматларга бой. Айни пайтда "Баркамол авлод”  болалар маркази директори лавозимида фаолият юритаётган опани хар гал тиғиз иш жараёнида учратаман. Тиниб-тинчимас, фидойи, меҳнат бағрида ўзини ҳамиша эркин ва бахтиёр ҳис қилгувчи қаҳрамонимиз – Хонимжон Ражабованинг саъй-ҳаракатлари билан туман ХТМФМТТЭ бўлими тасарруфидаги "Баркамол авлод” болалар маркази бугунги кунда нафақат Қорақалпоғистонда, балки Ўзбекистон миқёсида намунали болалар марказига айланган. Ҳар бир ишда қатъий тартиб ва интизомни яхши кўрадиган ва бунга ҳамиша амал қилишга одатланган, ўзига ҳамда атрофидагиларга нисбатан талабчан опанинг юксак диди, маҳорати марказ офиси, ҳовли-ю гулзоридаги кўркамлик, орасталикда акс этиб тургандай. Марказ ҳовлисига киришингиз билан сизни афсонавий эртак қаҳрамонлари кутиб олишади. Бола очишга шайланган оппоқ лайлаклар, ялпиз теришга чиққан "Зумрад ва Қиммат” эртагидаги Зумрад, даласига ошиқаётган Деҳқон бобо...

Опа болалар билан суҳбатлашишдан, уларнинг орзулари дунёсида яшашдан завқ олади. Ана шу болалик дунёсига хос завқ уни ҳар тонг меҳнат бағрига чорлайверади. Бу – опа умрининг энг нурафшон ва шоён манзили. Бу манзил бугун опанинг эл-юртига, халқига қилган жамики эзгу, хайрли ишларининг ҳаётига файз олиб кирган лаҳзалари бўлса, не ажаб!

Опа айни дамда муборак 60 ёшга тўлдилар. Умрининг бу нурафшон, оқ, ойдин манзилига у ёруғ юз билан, ўтган умр йўлларидан кўнгли тўқ қадам қўйди. Зеро,

Ким уни Барчин деб ҳаваслар қилди,

"Тўмарис сийратли Хоним”, – дедилар.

Эзгу амалларин эл-у халқ билди,

Халқ унга, у эса халққа сингдилар.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019