ФАРОВОНЛИК ОШЁНИ: ЮРТНИНГ ОБОД МАНЗИЛЛАРИ
Куюк кўпир – бу гўзал масканни яқин атрофда билмайдиган одам бўлмаса керак. Чунки боғ-у чаманлар оғушидаги бу замин фарзандларининг Куюк кўпир номи билан яшаб, эл-у юртга қилган эзгу амаллари, қалбларга ёйган илм-у зиёси, бунёдкорликларининг ўзи бир олам. Айтганларидек, ҳар қандай элни унинг маънавиятли ва маърифатли, ишбилармон ва тадбиркор фарзандлари дунёга танитади.
Шу нуқтаи назардан қарасак, кун сайин обод ва фаровон гўшага айланиб бораётган бу заминда бир бор бўлсангиз, довруғи элга достон Куюк кўпирлик олим-у уламолар, шоир-у бахшилар, соҳибкор боғбонлар, тадбиркорлар бошлаб берган эзгу ишларни бугунги баркамол авлод янада такомилига етказаётганига гувоҳ бўласиз. Бу ҳақда бири-биридан обод ва сўлим кўчалар, файзиёб ҳовли-боғлар, серҳосил далалар сўзлайди.
АҲИЛ ВА ИНОҚ ЭЛ
Умумий ер майдони 2878 гектар бўлган Куюк кўпир қишлоғининг Эшоновул аҳоли масканидан Хўжа овулигача бўлган улкан ҳудудда 1057 та хонадон таркибидаги 1310 оилада салкам 5300 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми, яъни 3758 нафари ўзбек, 565 нафари қорақалпоқ, 11 нафари қирғиз ва 214 нафари бошқа миллат вакиллари бўлиб, барчаси ягона оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, меҳнат қилишади. Куюк кўпир фарзанди, шоир Аҳмад Нафас (Аллоҳ раҳмат қилсин) бежизга қуйидаги сатрларни ёзмаган:
Ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғизим,
Туркманим – тилимда янграган сўзим.
Кўнгли кўнглим билан чатишиб кетган,
Бари оға-иним ва ўғил-қизим.
Деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган, миллатлараро тотувлик тафти уфуриб турган овул аҳолисининг асосий қисми ҳудуддаги 12 та фермер хўжалигида, 365 нафари турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишади.
ТАЪЛИМ, СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВА ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ
Овул аҳолисининг саломатлигини муҳофаза этиш борасида барча замонавий қулайликларга эга қишлоқ шифохонаси ва оилавий поликлиника фаолият юритади. Шунингдек, ҳудудда 2 та мактаб, 85 нафар кичкинтойни ўз бағрига олган 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 25 нафар болани тарбиялаш қувватига эга оилавий мактабгача таълим ташкилоти Куюк кўпирликларнинг хизматида.
Фуқаролар йиғинининг 15 нафар кишидан иборат Кенгаш аъзоларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли аҳолининг ижтимоий фаоллиги ошиб, ҳудудда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сафи йил сайин ўсиб бормоқда. Бугунги кунда 84 нафар фуқаро ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини муваффақиятли тарзда олиб боришмоқда. Шунингдек, 16 нафар фуқаро савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланишади.
«Маҳалла еттилиги»нинг уйма-уй кириб бориб ўтказган хатлов натижаларига кўра, 451 нафар фуқаро мавсумий ишларга жалб этилиб, бандлиги таъминланди. Шунингдек, 17 нафар кишининг имкониятлари ўрганиб чиқилиб, ўзини-ўзи банд қилиш тамойили асосида фаолият юритишлари учун кўмаклашилди.
МАҲАЛЛА АҲОЛИСИ ТИНЧ-ТОТУВЛИГИ ЙЎЛИДАГИ САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР
Аҳоли ҳаётига доир ижтимоий муаммоларни ҳал этишда овул фуқаролар йиғинида фаолият олиб борувчи комиссиялар муҳим аҳамиятга эга. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясига йиғин раиси Руфат Худойберганов раҳбарлик қилади. Ҳар бир оиланинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб вояга етишлари учун зарур имкониятлар яратиш мақсадида Хотин-қизлар билан ишлаш, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш комиссиялари ҳамда «Кексалар маслаҳати», «Ота-оналар Университети» жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликдаги ишлар туфайли ҳудудда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига кескин барҳам берилиб, нотинч оилаларни маънан соғломлаштиришга эришилмоқда.
Айни пайтда ҳудуддаги оилаларнинг 216 таси ёш оилалар ҳисобланади. Фуқаролар йиғини комиссиялари ва жамоатчилик тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ёш оилаларнинг тинч-тотув, аҳилликда яшашларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли ўтган давр мобайнида ажрашиш ёқасига бориб қолган 15 та оила яраштирилди. Яна бир нотинч оила ва ҳимоя ордерига эга 2 нафар фуқаронинг тинч-осойишталигини таъминлаш қатъий назоратга олинди.
МЕҲНАТСЕВАР ВА ФИДОЙИ ХАЛҚ
Куюк кўпирликлар меҳнатсиз ўтган кунини умрлари ҳисобига қўшмайдиган фидойи ва меҳнаткаш халқ. Аҳоли орасида ҳалол меҳнатлари билан ўз ҳаёт йўлларини ойдин, турмушларини фаровон, хонадонларини обод қилиб яшаётганлар, уй чорваси, паррандачилиги, балиқчилик ва асаларичилик билан шуғулланиш орқали оилалари даромадига даромад қўшиб, турмуш шароитларини ижобий томонга ўзгартириб яшаётганлар талайгина.
121,1 гектардан иборат аҳолининг умумий томорқа ерида йил давомида 2-3 марта ҳосил етиштирилади. Шахсий томорқа ери бор бўлган 1057 та хонадоннинг барчасида ўз оилаларини кундалик эҳтиёжлари учун зарур полиз ва сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳатто оила эҳтиёжидан ортиғини ички бозорга йўналтириш имконияти мавжуд. 8 та иссиқхона хўжалиги юритаётган моҳир томорқачилар меҳнати туфайли Куюк кўпирликларнинг дастурхонлари қишин-ёзин сархил маҳсулотларга тўла.
Овулдаги 4 та оила асаларичилик, 5 та оила балиқчилик билан шуғулланаётгани боис, аҳолининг асал ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш имкони борлиги қувонарли. Овулдаги хонадонларнинг 853 тасида 4200 тага яқин йирик шохли қорамоллар, салкам 16 минг бош парранда бор. Аҳоли учун гўшт, сут, тухум каби маҳсулотлар бўйича умуман муаммо йўқ.
ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ВА ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ
Йил бошида «Маҳалла еттилиги» томонидан аҳоли хонадонларига кириб ўтказилган хатлов натижаларига кўра, «Темир дафтар»га киритилган 4 та оиланинг меҳнатга лаёқатли 12 нафар аъзолари бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди ва улар ўз лаёқатларига яраша иш билан таъминланди. Шунингдек, «Аёллар дафтари» рўйхатидаги 146 нафар аёл-қизлардан 47 нафари меҳнатга лаёқатлилиги учун уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ишлар олиб борилди. «Ёшлар дафтари»га киритилган 2 нафар ёш қисқа фурсат ичида мазкур дафтардан чиқарилди.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган 41 та оиладаги балоғатга етмаган фарзандларига меҳр-мурувват кўрсатиш, ногиронлиги бор бўлган фарзандларини тарбиялаётган оилалар, якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, чин етим ва ярим етим болаларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож 112 та оилани доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди» тамойили асосида амалга оширилаётган ишлардан аҳоли ҳам мамнун.
ТАДБИРКОРЛИК ВА ҲУНАРМАНДЧИЛИК
Овулда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Албатта, бу борада изланувчан, интилувчан, ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга бўлган иштиёқи баланд ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топишдаги индивидуал ёндашувнинг аҳамияти катта.
Устоз-шогирд анъанаси асосида тикувчилик ҳунарини ўрганиб, ҳамқишлоқларига бири-биридан бежирим либослар тикиб бериб, олқиш олаётган Сурайё Тиловбоева, Нилуфар Эшимбетова, Гулноза Тожибоеваларнинг бугун ўзлари ҳам устозлик мақомида ёшларга чеварлик сирларини ўргатишмоқда. Учала чевар ҳам ўзини-ўзи банд қилиш тамойили асосида доимий даромад манбаига эга бўлишди ва ҳамқишлоқларининг мушкулларини осон қилиб, уларнинг қўшни маҳаллаларга қатнаб, тикувчи излаб юришларига барҳам беришди.
Ака-ука Ғафуржон, Исломжон ва Шукрулла Отажоновлар эса аҳиллик билан иш тутиб, пластик эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, янги иморат қураётган ҳамқишлоқларига қўл-қанот бўлишмоқда. Бугунги кунда моҳир усталарга айланган ака-укалар ясаган бежирим эшик ва деразалар Куюк кўпир қишлоғидаги хонадонларга кўрк бағишлаб турибди.
ҲАММА ЕРДА ОБОДЛИК ВА ОРАСТАЛИК
Куюк кўпир қишлоғи айни кунларда янада гўзал ва кўркам қиёфа касб этган. Ҳудуддаги фермер хўжаликлари деҳқонлари далаларда етилган мўл пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга пухта ҳозирлик кўришмоқда. Моҳир томорқачилар, боғбон-у соҳибкорлар кузги сарҳисоб олдидан ҳосилларини чамалаб кўришмоқда. Эшоновул, Хўжа овул аҳоли масканлари, гўзал Қизилчоли томонларга бир боқинг! Хонадонлар обод, кўчалар нурафшон, мустақилликнинг 34 йиллиги арафасидаги «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» эзгу шиори остидаги байрамона тадорик қизғин тусга кирган.
Овулнинг тўрт томони фаровонлик касб этган. Мабодо, йўлингиз тушиб, Куюк кўпир томонларга ўтсангиз, бу сўлим гўшани бир бор кезинг, Куюк кўпирликларнинг тотув ва обод турмушидан, фаровонлик ошёнидан баҳри дилингиз очилади!
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶