ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ КЎП
Менинг ўқитувчилик фаолиятимни бошлаганимга 8 йил бўлди. Ўтган шу саккиз йил мобайнида ўзим болалигимдан орзу қилганим ўқитувчилик касбининг машаққатини, залворини тобора чуқурроқ ҳис қилаяпман. Чунки турли оилада турлича тарбия кўрган ўттиз нафарча болалар билан муомала қилиш, кўнглига йўл топиш, уларнинг диққат-эътиборини ўтилаётган дарс машғулотига жалб қила олиш осон иш эмас. Баъзан айрим ўқувчилар билан алоҳида суҳбатлашиш яхши самара берса, баъзиларини ўртоқлари олдида рағбатлантириш орқали йўлга соламиз.
Ўқувчиларнинг ота-оналари ўтказиладиган йиғилишларда баъзан кийиниш борасида эътирозлар билдиришади. Фалон сўмга яқиндагина янги кийим олиб бергандим, формага ўхшайди, кияверсин, дейишади. Баъзи оналар эса қимматбаҳо кийимларни танлашга интилишади. Хуллас, ўқувчиларнинг кийиниши доимо мунозара, эътироз, таклифларга сабаб бўлар эди.
Янги ўқув йили бошланиши олдидан барча ўқитувчилар учун муҳим ва қувонарли янгилик бўлди: шу йилнинг 15 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасининг шакллари ҳамда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари 2018-2019 ўқув йилида давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийдир.
Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, аҳолининг фарзандлари учун мактаб формаси сотиб олишларига имконият яратиш мақсадида истаган кишига олти ойдан кам бўлмаган муддатга кредитлар ажратилиши белгиланган.
Ягона мактаб формасининг жорий этилиши ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгликни мустаҳкамлайди ва сифатли таълим-тарбия олишлари учун шароит яратади.
Қарор эндиликда ўқитувчилар ва ота-оналар орасида ўқувчиларнинг мактабга қандай кийимда келиши борасидаги барча келишмовчиликларига барҳам бериши билан жуда аҳамиятли ҳужжат деб ҳисоблайман.
Нафиса САФАРБОЕВА, 31-мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶