ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИ
Аёлни яратган Аллоҳ унинг қалбида гулдек гўзаллик, сувдек ҳаётбахшлик, тоғдек сабр, темирдек бардош, осондек кенглик, тонгдек сокинлик, қуёшдек иссиқлик, куйдек оҳанраболикни ҳам туҳфа этган экан. Тангри берган барча туҳфаларини ўзида мужассам этган, шеърият осмонида сўнмас юлдуз мисоли чарақлаган, ўзбекнинг ҳақиқий аёли тимсолини яратган ҳазрати Аёл – Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхонимдир. У 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Зулфия ўзбек адабиётида, шеърият ва достончилигида катта из қолдирди. Унинг ижод бўстонига илк бор қадам қўйишида туртки бўлган аёл – онаси Хадича ая. У халқ оғзаки ижодини яхши билар, болаларига турли хил қўшиқ, эртак, афсоналар ва достонларни сўзлаб берарди. Шоира ўтмишини эсларкан: “...сўзга шайдолик ҳиссини қалбимда оддий аёл – онам уйғотган” - дейди. Дарҳақиқат унинг шеърлари хилма-хил инсоний, ҳаётий, ҳис-туйғулар, фикрлар билан йўғрилган, инсоннинг юрагидан жой оладиган буюк ижод маҳсулидир. Зулфия шеърларида ҳаётга муҳаббат, юксак инсонпарварлик, доимо олға интилиш, адолатга таяниш каби эзгу фазилатлар уфуриб туради.
У ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини севиб ўқиди. Даҳолар ижодини ўрганиш шоирага қаноат бағишлади. Афсуски, ҳаёт синов ва машаққатлардан иборат. Шоира ҳаётидаги энг улкан йўқотиш – умр йўлдоши Ҳамид Олимжоннинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши бўлди. Зулфия ва Ҳамид Олимжон гўё шеърият деб аталган улкан денгизда илдам сузаётган икки елканли кема эдилар. Аммо бешафқат тақдир ана шу елканли кемалардан бирини ўзининг гирдобига олди. Адабиётда бир устун қулади. Шундай оғир дамда Зулфия бу тўфонларга сабр-бардош, матонат билан елка тутди, довдираб қолмади. У энди қўлига икки созни олишга аҳд қилди. Ўзи ва Ҳамид Олимжон учун ижод қилишга куч топа билди. Фарзандлари Ҳулкар ва Омоннинг толеи учун, бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун турмуш ўртоғининг номини асрлардан-асрларга олиб ўтиш учун катта йўлни босиб ўтди. Азоб-уқубатларга мардонавор дош берди, ёзди, ёзаверди. У шеърларига кўз ёшини, ғамини, кулгуларини қўшиб ёзади. Натижада адабиётда ўзбек Зулфияси деган буюк ном қолдирди. Бежизга шоиримиз Эркин Воҳидов Зулфияхоним ҳақида ушбу сўзларни айтиб ўтмаган: “Зулфия сингари сиймолар халқнинг бахти бўлиб яраладилар. Бу бахт, аввало, ўзбекники, Ўзбекистонники, сўнгра эса дунёникидир”.
Унинг ҳаёт йўли ачинишга эмас, балки ҳавас қилишга арзигуликдир. Зеро, унинг номи ҳар бир инсоннинг қалбида асрлардан-асрларга ўтиб бораверади. Шу сабабдан юртимизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳозирги кунда санъат, маданият, адабиёт, фан, спорт каби йўналишларда иқтидорли қизлар ушбу мукофотга сазовор бўлмоқдалар. 2008 йил 1 март куни шоирага бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида пойтахтимизда шоира Зулфияхоним ҳайкали ўрнатилди.
Зулфияхоним нафақат шеърият оламида ўчмас из қолдирди, балки ҳаётда ҳам барча ўзбек аёллари ҳавас қилса арзигулик даражада яшади.
Барчиной ҚУРБОНБОЕВА,
Амударё академик лицейи ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶