АЁЛИМИЗ ВА БОЛАМИЗ ТАЪМИНОТИ УЧУН МАСЪУЛМИЗ!
Pасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, деб марҳамат қилдилар (Бухорий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта мужтаҳид олим, ўткир ақлли сиёсатчи, тадбиркор ва забардаст жамият раҳбари бўлишлари билан бирга, яна бошқа кўп фазилатларга ҳам эга эдилар. Бу сифатлар ҳар кимда ҳам бўлавермайдиган, баъзиларда бўлса ҳам, мансабга мингач, йўқолиб қоладиган сифатлардир. Ана шундай сифатлардан бири танқидни кўтара олиш ва хатони тан олиш сифатидир. Яна, у киши ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон бўлганликлари туфайли ҳеч кимга билдирмай, кечалари одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам биринчи бўлиб йўлга қўйдилар. Бу ишларга масъул кишилар тайинланган бўлишига қарамай, у киши кечалари ўзларини танитмасдан, халқнинг ҳолидан хабар олар эдилар. Бу соҳада жуда ҳам кўп ишлар қилган.Уларнинг кўпчилиги ишончли ровийлар орқали ривоят қилинган.
Бир аёлнинг овқат топа олмаганидан қозонга сувнинг ўзини қуйиб, тагига олов ёқиб:
– Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади, – дея болаларини ухлатишга уринаётганлигини кўрдилар. Халифа дарҳол орқаларига қайтиб, Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳларидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўрадилар. Ҳамроҳлари:
– Эй мўминлар амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай, – деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
– Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолганлиги гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай, – дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.
Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи Мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар розияллоҳу анҳу саҳобалардан Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга:
– Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми? – дедилар. Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқдилар. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томонга борди ва унинг онасига:
– Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара! – деб, ортига қайтди. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб:
– Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил! – деб, ортига қайтди. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб,
– Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчима-ди-я! – деди.
Қаршисида турган одам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эканлигини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай:
– Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қилмоқда, – деди.
– Нима учун? – деди Умар розияллоҳу анҳу.
– Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган, деди аёл.
– Боланинг ёши қанча бўлди? – деди Умар.
– Фалон ойлик бўлди, – деди аёл. Умар розияллоҳу анҳу:
– Уни кўкракдан ажратишга шошилма, – деди ва орқасига қайтиб кетди. Сўнгра халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олмадилар. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб, намоз ўқир эди. Намозни ўқиб бўлиб, салом бергандан сўнг:
– Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди, – деди ва жарчини чорлаб:
– Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз! – деб жар солишга амр этди. Бу ҳақда бошқа юртларга ҳам фармон юборди.
Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан шундай ривоят қиладилар: Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида Pасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:
– Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Pасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар, ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч ким бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин! – деди-да минбардан тушди.
Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқди-да:
– Эй мўминлар амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми? – деди.
Умар: “Ҳа” деди. Аёл:
– Аллоҳнинг Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг? – деди. Умар: У қандай ҳукм экан? – деб сўради. Шунда аёл:
– Аллоҳнинг “... ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам...! деган оятини эшитмаганмисан?!” – деди.
Умар:
– Парвардигор, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар, – деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқиб:
– Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликни амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Аёл киши тўғри айтди, деди.
Манба асосида, “Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди
имом-хатиби Абдураҳмон Матсапоев тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶