Рус шоири Пушкин хотирасига бағишланган адабий кеча ўтказилди
Александр Сергеевич Пушкин ўз халқининг олис ва яқин тарихини, ички дунёсини ўзига хос маҳорат билан ёрита олган, туғилиб ўсган гўшаси ижодкор учун туганмас илҳом булоғи бўла олишини ўз ижодида кўрсатиб бера олган улуғ рус адибидир. “Кароматли Олег ҳақида қўшиқ”, “Борис Годунов”, “Пугачев тарихи”, “Мис чавандоз”, “Капитан қизи” каби асарларида, шунингдек, ўша давр вақтли матбуотида ёритилган турли жанрлардаги мақолаларида ҳам рус халқининг тарихига, шаъни-шавкатига ҳурмат, келажаги ҳақида қайғуриш, ўз юртига дахлдорлик туйғулари уфуриб туради. Белинский унинг “Евгений Онегин” романини “рус ҳаётининг қомуси” деб атаган эди.
Александр Сергеевич Пушкин ҳаёти ва ижодини ўрганишга юртимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Оҳангдор, ортиқча ташбеҳлардан ҳоли, самимий, оддий сўзлар орқали ўз кўнгил кечинмаларини юксак маҳорат билан тасвирлаган шоирнинг шеърлари, барча жанрлардаги асарлари ўқувчилар кўнглидан жой олади, ўзига мафтун этади.
Яқинда туманимиздаги 18-сонли умумтаълим мактабида “Мы помним Пушкина” деб номланган шоир хотирасига бағишланган адабий кеча ўтказилди.
Мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Зебо Холбоева, Холпошша Бидашевалар раҳбарлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда мактабдаги 2 та 7-синфнинг ўқувчилари иштирок этишди. Дастлаб Пушкин ҳаёти ва ижодига бағишланган маъруза ўқилганидан сўнг, ўқувчилар шоир шеърларини ифодали айтиб бердилар, бадиий асарлари мавзусига ва ҳаётининг турли даврларига хос расмларини чиздилар.
Пушкин ижодида Шарққа қизиқиш, адабиётининг нодир намуналари билан чуқур танишиш ва шуларнинг таъсирида шарқона оҳангларда ҳам асарлар яратишга интилишни ҳам кузатишимиз мумкин. Бунинг илк сабаби ўша даврда рус ва шарқ адабий алоқалари анча жонлангани деб ҳисобласак, яна бир омил – шоир томирида катта бобоси Иброҳим ибн Ҳанбал қони оқиб тургани бўлса, ажаб эмас. У ҳабаш амирларидан бирининг ўғли бўлган, турклар уни асир олиб, Пётр I га совға қилишган эди. Пушкиннинг “Боқчасарой” мавзусидаги шеърий поэмалари ҳамда “Ҳофиздан” асарида шарққа интилиш иштиёқи сезилиб туради. Бир сўз билан айтганда, Пушкинни ўқиш, уқиш, ўрганиш бизга нафақат юксак маҳорат билан яратилган бадиий асар мутолааси завқини беради, балки инсонда ўз Ватанидан фахрланиш, тарихини чуқур ўрганишга даъват ва юрти корига фидойилик туйғуларини ҳам бахш этади.
Йиллар ўтса-да, Пушкин номи рус адабиётининг ҳам, дунё адабиётининг ҳам нодир намуналари қатори севиб ўқилиб келинаётганининг сабаби ҳам шу бўлса ажаб эмас.
Рус тилида Пушкин ҳаёти ва асарлари юзасидан ўқувчиларнинг ўз таассуротларини баён қилиши - уларнинг рус тилини, рус адиблари ижодини нечоғлик мукаммал ўрганишга интилаётганликларини кўрсатди.
Рус халқ қўшиқлари маҳорат билан ижро этилиши йиғилганларга завқ бағишлади.
“Мы помним Пушкина!”. Тадбир номи бежиз бундай номланмаган. Чиндан-да, Пушкин асрлар ўтса-да, ҳамон севиб ўқилиб, ўрганилиб келинсоқда. Тадбирда унинг ижодий меросининг бадиий қиммати эътироф этилди, ўқувчига бера оладиган маънавий аҳамиятига юксак баҳо берилди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶