“Жайхун илҳомлари” ННТ томонидан 44-сонли мактабда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ёшлар ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Бешта муҳим ташаббус ёшларнинг онгли ва билим даражалари юқори бўлиб ўсиб улғайишида катта имкониятлар эшигини очиб беради.
Туманимизда фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” ННТ томонидан бу бешта муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятини мактаб ўқувчилари, ёшлар, кенг жамоатчилик орасида тарғибот қилиш мақсадида иш режалар тузилиб, амалий ишлар бажарилмоқда. Ташкилот томонидан шу мақсадларни амалга ошириш учун жойларда турли учрашувлар, тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ташкилот иш режасига мувофиқ туманимиздаги 44-сонли умумтаълим мактабида “Маҳорат мактаби” тадбири ўтказилди. Унда мактабдаги адабиёт, бадиий ижодга ҳавас қўйган, тасвирий санъат йўналишидаги иқтидорли ўқувчилар жам бўлишди. Мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Манзура Султонова ҳамда “Жайхун илҳомлари” ННТдан ташриф буюрган ижодкорлар ўқувчиларга наср ва назм сирлари ҳақида сўзлаб беришди.
Учрашув давомида мактабдаги жуда кўп ўқувчи-ёшларнинг ижодга қизиқиши намоён бўлди. Мактабнинг 5-синф ўқувчиларидан Акром Кўкланов, Севинчой Муродбоева, 6-синф ўқувчиларидан Асалой Қурбонбоева, Хуршида Ўринбоев, 7-синф ўқувчиси Pоза Шомуродова, 10-синф ўқувчиларидан Сурайё Pажабова, Диёра Эримбетова, Соҳиба Аҳмаджоновалар ўзларининг янги ёзган шеърларидан ўқиб бердилар. Уларнинг устози, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Манзура Султонова ҳам ўзининг ижод намуналаридан бизга тақдим этди.
Мазкур умумтаълим мактабида ҳозирги кунда 530 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиб, билим сирларини эгалламоқда. Мактабда фаолият юритаётган 49 та фан тўгаракларига 509 ўқувчи жалб қилинган. “Тилшунослик” фани тўгарагининг 64 нафар, “ёш адабиётшунослар” тўгарагининг 30 нафар аъзолари борлиги ҳам мактабда кўплаб ёш адабиётшуносларнинг етишиб чиқаётганлигидан далолат беради.
Шунингдек, мактабдаги “Ёш рассомлар” тўгарагида фан ўқитувчиси Мақсуда Холимбетова тасвирий санъатнинг сир-асрорларини ўргатмоқда. У ўзидаги бор иқтидорни шогирдларига сингдириш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Фидойи устознинг самарали меҳнати натижасида ёш рассомлардан 8-синф ўқувчиси Содиқжон Исмоилов, 5-синф ўқувчиси Акмал Жумамуродовлар туман, республика миқёсидаги танловларда иштирок этиб, муносиб ўринларни эгаллаб келишмоқда. Ёш рассомларнинг тасвирий санъат соҳасидаги билимлари кишини ҳайратга солади. Буларнинг барчаси узлуксиз изланишлар натижасидир. Ёш иқтидор эгаларнинг маҳорати, тасвирий санъатни пухта ўргангани чизган расмларида ҳам акс этган.
Мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари янгилик сифатида яқинда театр ва санъат тўгараги ўз фаолиятини бошлаши тўғрисида айтиб ўтишди. Бу қувонарли ҳол, албатта.
Бир сўз билан айтганда, мазкур умумтаълим мактабида ёш авлоднинг келажакда етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун уларнинг устозлари томонидан намунали ишлар олиб борилмоқда.
Худди шундай тадбир 11-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. Ҳозирги кунда 940 нафар ўқувчи билим олаётган ушбу мактабдаги ижодкор, иқтидорли ўқувчилар мазкур тадбирда катта қизиқиш билан қатнашдилар.
Тадбирда дастлаб ўқитувчилар ўқувчиларнинг билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 16 та фан тўгараклари мунтазам ишлаб турганлиги, бу тўгаракларга 480 нафар ўқувчи жалб қилинганлиги тўғрисида сўзлаб ўтдилар. Биргина адабиёт ва бадиий ижод йўналишида 7 тўгарак ташкил этилганлигини ўқувчилар ҳам мамнуният билан эътироф этдилар.
Мактаб кутубхонасида ёш ижодкорлар билан ўтказилган суҳбатда 6-синф ўқувчиларидан Ёрқиной Кенжабоева, Мадина Ҳайитжоновалар ўзларининг янги ёзилган шеърларидан ўқиб бердилар, 10-синф ўқувчиси Ирода Оймирзаева ўзи ёзган ҳикояни сўзлаб берди. Мусиқага ҳавас қўйган 10-синф ўқувчиси Оғабек Хасанов эса жонли ижрода қўшиқ куйлади.Ўқувчиларнинг самарали ижод қилишида мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Гулойим Бегжанова, Матлуба Қурбониязовалар яқиндан ёрдам бериб келишмоқда
Шунингдек, мактабда ҳар бир муҳим саналар муносабати билан тадбирлар ўтказилиб турилади. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус катта имкониятлар эканлиги ҳам ўқувчиларга мунтазам равишда кенг миқёсда тушунтирилмоқда.
Туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ҳар томонлама билимли, ташаббускор инсон бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Ёш авлод вакиллари ҳам ўз навбатида илм самараси сифатида ўз иқтидорларини турли йўналишларда намоён этиб келмоқдалар. Ўқувчиларнинг бу ғоялари ва ташаббуслари бошқалар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўрозали PЕЙИМОВ.
“Жайхун илҳомлари” ННТ раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶