Физика фан ойлигида беллашув ўтказилди
Бугунги тараққиёт замонида ҳар бир соҳада катта ютуқ ва улкан марралар кўзланиб, салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Барча соҳалар қаторида таълим йўналишидаги кенг кўламли ислоҳотларни ҳам алоҳида эътибор билан тилга олиш жоиз. Айни пайтда ҳар бир фанни мукаммал ўқитишни ташкил қилиш ҳамда уларнинг соҳадаги ютуқларини сезиларли даражада ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан йил ойлари фанлар кесимида тақсимланиб, фан ойликларини ташкил қилиш ва амалда жорий этиш орқали самарали натижаларга эришилмоқда.
Фан ойлиги доирасида туманимиздаги 30-сонли умумтаълим мактабида физика фанидан 7-синфлар ўртасида беллашув ўтказилди. Мазкур беллашувни ўқувчиларнинг физика фанига бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларнинг шу давргача фан юзасидан олган билимларини синовдан ўтказиш мақсадида мактабнинг ёш, юқори билим ҳамда салоҳиятга эга бўлган, ижодкор, изланувчан ўқитувчиларидан бири бўлган Гуласал Халиллаева ташкил қилди.
Тадбирда мактабнинг 7-синф ўқувчиларидан иборат “Aрхимед”, “Ёш билимдонлар”, “Нютон” жамоалари физика фани бўйича беллашдилар. Беллашув “Таништириш”, “Кроссворд ечиш”, “Формулалар билимдони”, “Масалалар ечиш”, “Савол-жавоб” шартлари асосида қизғин тарзда ўтказилди.
Aйтиш жоизки, физика, кимё, биология фанлари экспериментал фан бўлганлиги сабабли, назарий олган билимларини амалиётда қўллаш кўникма ва малакаларини ҳосил қилиш ҳамда дарс жараёнида ўқув-лаборатория жиҳозларидан, кўргазмали тажрибалардан унумли фойдаланиш алоҳида ўрин тутади. Қолаверса, ўқувчиларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиш, фанни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш, тафаккурини юксалтириш учун мазкур фанлар ўқитилишида тўгарак машғулотларини ташкил қилиш ҳамда масалалар ечиш технологияларига эътиборни қаратиш ҳам яхши натижа беради. Шунингдек, ўқувчиларни ушбу фанлардан мустақил ва ижодий фикрлашга, табиий фанларнинг турмуш ва техникадаги аҳамиятини билишга ўргатиш, халқ хўжалигида улардан қўлланиш ҳақида тушунчалар бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Беллашувнинг таништирув шартида ўқувчилар буюк физик олимлар ҳақида қизиқарли маълумотлар бердилар. Ўқувчилар таъкидлаганларидек, инглиз физиги ва математиги, классик механиканинг асосчиси Исаак Ньютон нафақат физика, балки бутун илм-фан тарихидаги энг машҳур олимлардан бири ҳисобланади. Исаак Ньютоннинг илм-фанга, хусусан математика, физика фанига қўшган ҳиссаси бениҳоят улкандир. У физика ва математика фанларига жуда кўплаб қонунларни ва назарияларни киритди. Ҳаёти давомида фан сир-синоатларини, ҳаракат ва тортишиш қонунларини, бутун олам тортишиш қонуни, ёруғлик қонуниятлари, ёруғликнинг тарқалишини ўрганди.
Шунингдек, ўқувчилар биз буюк қомусий олимларнинг аждоди эканлигимизни, аждодларимиз физика тараққиётида ҳам ўчмас из қолдирганлигини фахр билан эътироф этдилар. Хусусан, энг машҳур физик олимларидан бири Aбу Райҳон Беруний ўзининг аниқ илмий қарашлари орқали турли нарсаларнинг оғирлигини, ернинг ҳажмини ўлчаш, шафақнинг хусусиятларини, қуёш тутилиши ва бошқа табиий ҳодисаларни ўрганишга муяссар бўлганлигини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Aбу Райҳон Берунийнинг илмий кашфиётлари олдида ғарбликлар ҳам ҳайрон қолган. Ҳатто шарқшунослардан Эдвард Саху Беруний заковати ҳақида ҳайратланиб: «У тарихдаги энг улкан ақл эгасидир», деб ёзган. Берунийнинг нарсалар зичлигини ўрганиш бўйича ясаган ускунаси бу соҳадаги энг биринчи асбоб ҳисобланади.
Беллашув жуда қизғин, баҳс-мунозарага бой бўлди. Ўқувчилар ўзларининг билимдон, топқир, чаққон, эпчил эканликларини намойиш қилишди. Беллашувнинг “Кроссворд ечиш” шартида 7-“В” синф ўқувчиларининг “Ньютон” жамоаси, “Формулалар билимдони” шартида 7-“Б” синфнинг “Ёш билимдон” жамоаси, “Савол-жавоб” шартида 7-“A”синфнинг “Aрхимед” жамоаси юқори кўрсаткичларни қўлга киритишди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра 7-“A”синфнинг “Aрхимед” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Чарос Арслонова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶