ҚОРАҚАЛПОҚ ТИЛИ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАБ, “АНА ТИЛИМ – ДАНА ТИЛИМ” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Халқимиз учун байналмилал тарбия, бири-бирига қон-қариндош халқлар дўстлигини улуғлаш, уларнинг тили, миллий-маданий ёдгорликларига, анъана ва урф-одатларига ҳурмат ва эътибор кўрсатиш бобомерос қадрият ҳисобланади. Айниқса, қон-қардош халқларнинг тилини ўрганишга бўлган эътибор туфайли кўп миллатли мамлакатимиз халқи ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат туйғулари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Биргина бизнинг туманимизда рус, қозоқ, қорақалпоқ ва туркман тилларида ўқитиладиган умумтаълим мактаблари фаолият юритаётганининг ўзи миллатлараро тотувлик, ҳар бир миллатнинг тили ва адабиётига нечоғлик эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Маълумки, 1 декабрь – қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нафақат Қорақалпоғистонда, балки мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Сана муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотларида, ўқув муассасаларида байрамона тадбирлар бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 28 ноябрь санасида ана шундай тадбирлардан бири 16-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. “Ана тилим – дана тилим” деб номланган мазкур адабий-мусиқий тадбирда мактаб саҳнаси безатилишига алоҳида эътибор қаратилди. Қорақалпоқ тили ва адабиёти намоёндаларининг суратлари, асарлари ҳамда қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналари, қорақалпоқ халқининг урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи саҳна безаклари билан безатилди.
Тадбирни мактабнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Азиза Жанназарова маҳорат билан олиб борди. Қорақалпоқ халқ рақслари, шеър ва қўшиқлари билан кечада фаол иштирок этган мактабнинг 4- ва 5-синф ўқувчиларининг ҳар бир чиқиши тадбир қатнашчиларига завқ-шавқ бағишлади. Айниқса, мактабнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зийнегул Сийтимова Қорақалпоқ мумтоз ва ҳозирги замон адабиёти ҳамда қорақалпоқ адабий тилининг ривожланиш босқичларига бағишланган маърузаси орқали ўқувчи-ёшларга жуда кўп маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, тадбирда Уйшин маданият уйи ходими Ползода Уббиниёзова қорақалпоқча аллалар куйлаб берди. Мактабнинг 7-синф ўқувчиси Шоҳинур Мадаминова дуторда ижро этган қорақалпоқ халқ куйлари, мактаб ўқувчиларидан Муниса Худойберганова, Гулираъно Ўринбоева, Гулноза Гулмоновалар ижросидаги қорақалпоқ ва ўзбек халқ рақслари кечага ўзгача файз бағишлади. Қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Зийнегул Сийтимова, Азиза Жанназарова, Санобар Халиллаева, Нигора Исмоилова, Насиба Худойберганова ҳамда мактаб директорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Раҳима Сапарбоевалар ҳамкорлигида тайёрланган “Ана тилим – дана тилим” деб номланган адабий-мусиқий тадбир барчага жуда манзур бўлди.
Ушбу тадбирда мактаб ўқувчи-ёшлари таълим мобайнида нафақат қорақалпоқ тили ва адабиёти, балки қорақалпоқ халқининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари ҳам меҳр-муҳаббат билан ўрганилаётганини адабий-бадиий чиқишлар орқали ифода этишди. Шу билан бирга мазкур тадбир орқали ўқувчи-ёшларнинг қардош халқлар тили ва адабиётига бўлган ҳурмат ва эътибори, шу баробарида қизиқишлари янада мустаҳкамланди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶